Газ қуйиш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот олиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ

23.02.2024 18:02:35

Юртимизда куз-қиш мавсуми бошланиб, ҳаво ҳарорати пасайганда газ босимининг пасайиши оқибатида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилади. Бу эса, мамлакатимиздаги автомобилларнинг катта қисми газ ёқилғисида ҳаракатланганлиги боис бир қатор қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.

Бу ҳолат яна бир муаммони келтириб чиқармоқда. Яъни газ қуйиш шохобчаларининг ишлаш графиги, реал режимда ишлаётгани ёки ишламаётгани каби маълумотлар мавжуд бўлмаганлиги учун кўплаб навбатлар пайдо бўлишига олиб келмоқда, одамлар совуқ кунларда ушбу навбатларда бир неча соатлар давомида қолиб кетишга мажбур бўлмоқда.

Биз замонавий, инновацион рақамли технологиялар даврида яшамоқдамиз. Мазкур вазият хорижий тажриба асосида ҳар бир газ қуйиш шохобчалари ҳақида маълумотлар умумлаштирилган онлайн ахборот тизимини яратиш ва тизимли фаолиятини йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Ушбу онлайн тизимда шохобчаларнинг ишлаш вақти, ишлаётгани ёки ишламаётгани, айни ҳолатдаги ёқилғи қолдиғи ва бошқа маълумотларни акс эттириш мақсадга мувофиқ.

Ушбу тизим фаолияти Энергетика вазирлиги томонидан муваффақиятли йўлга қўйилса, аҳолининг оғири енгиллашган, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали сунъий равишда газ етишмовчилиги юзага келтирилишини олди олинган ва кенг жамоатчиликни рози қилган бўламиз.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз депутатлари томонидан Энергетика вазирлигига депутат сўрови киритамиз.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик
партияси Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+