Гўё телевизор ҳам дорихона

01.03.2024 15:03:24

Бир танишим яқинда Умра сафарида бўлиб қайтди. Зиёрат пайтида гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб берди.
Автобусдан тушаётганда бир аёл оёғини қайириб олди. Оғриқнинг зўридан юролмай қолди. Уни меҳмонхона яқинидаги хусусий шифохонага олиб боришди. Гуруҳга бириктирилган шифокорнинг ҳам кўрик жараёнида бўлиши талаб этилди. Зудлик билан кўрсатилган биринчи ёрдамдан сўнг муолажа учун биргина суртма (мазь) берди. Суртмадан фақат 2 марта фойдаланган ҳамроҳимиз ҳаж амалларини охиригача бажардики, қайта шикоят қилмади. Бу ерда кўп қаватли меҳмонхоналар жуда кўп бўлса-да, дорихона мавжуд эмас. Қанчадир масофада (ораси анча узоқ) 2 тагина дорихонага кўзим тушди холос. Ваҳоланки, камида минг, икки минглаб зиёратчилари бўлган манзилгоҳда ҳожилар истиқомат қилади. Наҳотки, бу ерда дорихоналар учун эҳтиёж йўқ бўлса.
Чет элда ишлаб қайтган танишим билан суҳбатимиз ҳам шу хусусда бўлди.
— Беш йилда Ўзбекистонга қайтдим. Шаҳримиз ўзгариб, таниб бўлмас даражада чиройли бўлиб кетибди. Бозорларидаги тўкин-сочинликни айтинг. Янги-янги бинолар, турар-жойлар, қурилишлар авжида. Савдо расталар, улардан-да кўпроқ дорихоналар. Ҳар қадамда учрайди-я...
Айнан дорихона очишдан мақсад нима? Даромад илинжидами ёки беморларнинг шифо топишларига ҳисса қўшиш? Кимгадир тадбиркорлик манбаи бўлиб қолмаяптими ушбу жараён? Саволларимга жавоб топиш мақсадида дорихона сотувчиларига юзландим. Улар шахсларини маълум қилмаслик шарти билан фикрларини баён қилишди.
— Яширмайман, дорихона тадбиркорлигимнинг бир бўлаги. Аммо мақсадим халқимга хизмат қилиш. Пул топишни мақсад қилиб, қонун доирасидан чиқмайман. Сотувчиликка шу соҳада таълим олган, ишлаган тажрибали ходимларни жалб қилганман,- дейди тадбиркор.
Ўзим яшаётган ҳудуднинг 2 километрга яқин жойида ўнтача дорихона фаолияти йўлга қўйилган. Уларда рисоладагидек савдо бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Эътиборими тортган яна бир жиҳат-сотувчилар.
— Икки йилдан бери ишлайман. Мижозлар ҳар доим ҳам шифокор “рецепти” билан келавермайди. Улар орасида “рецептсиз” келганларнинг шикоятларига қараб, дориларни тавсия қилавераман, -деди суҳбатдошим.
Яна бири эса:
— Коллежни бошқа йўналишда тугатганман. Бироқ 3 йилдирки, дорихонада ишлайман. Барча дорининг хусусиятини билиб бўлганман. Касаллик турига қараб, ўзим ҳам тавсия беришим мумкин. Чунки айрим ҳолатларда одамлар шифокордан олдин тўғри дорихонага чопишади.
— Шифокор тавсиясиз берган дориларингиз ножўя таъсир қилишидан қўрқмайсизми?
— Шу кунгача бирор киши шикоят қилиб келгани йўқ.
Сотувчи ҳаётимизда учраб турадиган ҳақиқатга яқинроқ сўзлади, назаримда. Аксар ҳолатларда шифокорга боргунга қадар яқинроқ дорихонага кириб ҳам дори, ҳам маслаҳат оламиз.
Нега шундай? Авваллари ундай эмасди-ку. Масалан, болалигимда тишимиз оғриса, саримсоқпиёз билан даволашган. Қон босими ошиб кетган буви, боболаримиз кўк чой ёки гиёҳлардан тайёрланган дамламалардан ичишган. Камқонлар эса лавлагидан фойдаланган. Бир тарафдан сотувчининг сўзларида жон бор. Одамларни тиббий маданиятини ошириш, улар онгида шифокорларга нисбатан ишончни юксалтирмоқ лозим. Бу борада шифокорлар ҳам ўз касблари ва қасамларига собит бўлишлари даркор.
— 25 йилдан ошди шифокорлик қилаётганимга. Жуда кўп дорихоналардан ҳамкорлик қилиш таклифи тушган. Айниқса, кейинги 10 йилда бу ҳолат кучайди. Бироқ мен бу борада фойдадан бурчимни устун қўйдим. Билмадим, уларга қанчалик ёрдам бердим, лекин қасамимга зид иш қилмадим. Нолимайман, касбим ортидан ҳурмат қозондим, меҳр топдим. Таклифларни қабул қилиб манфаат кўзлаётган шифокорлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳалол касб эгаларига нисбатан ишончсизлик уйғотаётгани ачинарли, -деди Моҳира Аҳмедова.
Болалар шифокори кўригидан чиққан ота ўзини Анвар деб таништирди.
— Дўхтир бир қанча дорилар ёзиб берди. Дорихонада уларнинг нархи 800 минг атрофида бўлди. Менда эса бунча пул йўқ. Шифокор оилавий поликлиникада ташкил қилинган ижтимоий дорихонага йўналтирди. Кўнглим бироз ёришди, бу ердаги нарх олдинги жойнинг ярмига ҳам етмади.
Уйимиздаги беминнат ”шифокор”нинг хизматлари чексиз. Туну-кун сайраб турадиган телевизоримизда нечта телеканал бўлса барчасида дорилар рекламаси. Гўё у ҳам дорихона: “бош оғриғи, тиш оғриғи, иситма...” ўндан ортиқ касалликка даво бўладиган дорилар рўйхатини ва тинмай “у дорини ичдим тузалдим, бу дорини ичдим юриб кетдим” қабилидаги рекламаларни кўриб шифокорга на ҳожат деворасан киши. Яна нима эмиш “шаҳар дорихоналаридан сўранг эмиш”. Бугун нафақат шаҳар, балки чекка-чекка қишлоқларда ҳам бу муаммо эмас. Фарқи нархида. Дориларнинг онлайн савдоси эса бу борада мушкулингизни осонлаштираётгандай. Ўзларининг интернет сайтини яратган дорихоналар рўйхатидаги дори нархларидаги фарқни (гарчи бир вақтда бир хил жойда ишлаб чиқарилган бўлса-да) кўриб ҳаммаси бир хил таъсирга эгами ёки алоҳида хусусияти бормикан, деб ўйланиб қоласан. Манзилингизга етказиб бериш хизматини ҳам беминнат бажариш савобида бир-биридан қолиб кетишмаётгандай.
—Биз шаҳар марказида яшаганимиз учун дорихоналарнинг ҳаддан зиёд кўплиги билинмас экан, -дейди Абдували Кабиров. –Бугунги тараққиёт ҳар соҳада юксалмоқда. Касалликларнинг давоси топиляпти, дорилар тури ҳам кўпайяпти. Ҳар қандай дори ёки малҳамингизни истаган дорихонадан топишингиз, интернет сайтлари орқали буюртма билан олишингиз мумкин. Ҳатто етказиб бериш хизмати мавжуд.
Бугунги кунда юртимизда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида бўлиб қолмаётганмикан? Ҳар қадамда ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораётган дорихоналар бундан дарак беради. Лекин барча дорихоналар, тадбиркорларга нисбатан бу таърифни бериш ноўрин. Фақат қонун доирасида бўлгани яхши.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар
кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+