“Гулистон”ликлар сув ичмайдими?

02.03.2020 11:03:18

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатида ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаши, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши лозимлиги хусусида куйиниб гапирар экан, ана шундагина депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқиши, халқнинг ишончини оқлай олиши, уларнинг меҳрини қозонишини таъкидлаб ўтди.

Албатта, депутатларнинг сайловчилар билан тез-тез учрашиб, юзма-юз мулоқотларда улар билан фикрлашиш, фуқароларнинг мурожаатлари, таклифларини ўрганиш ҳудудлардаги ижтимоий ҳаётнинг муҳим масалаларини аниқлашга ёрдам беради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Музаффара Абдиеваларнинг галдаги учрашувлари Пастдарғом туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтди. Уларга халқ депутатлари туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий Кенгаши депутатлари ҳам ҳамроҳлик қилди.

Депутатлар сайловчилар билан мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишди. Сайловчилар томонидан ўртага ташланган, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан таклифларини баён этди.

 Хусусан, тумандаги 42-сонли ўрта мактабда ичимлик суви таъминоти йўқлиги, 88-мактаб учун спорт зал кераклиги, “Машъал” ҳамда “Гулистон” МФЙдаги аҳоли учун ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, “Гулистон” маҳалласида зовурлар қазиб зах қочириш ишларини олиб бориш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, болалар учун мактабгача таълим муассасаси, ёшлар учун спорт майдончаси зарурлиги борасида аҳоли томонидан ўртага ташланган масалалар депутатларни бефарқ қолдирмади. Ушбу кўтарилган маслаларга мутасадди давлат идоралари эътиборини қаратган ҳолда, депутатлик сўровлари чиқарилиб, ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Шунингдек, “Кичик найман” маҳалласида яшовчи фуқаро Ойтош Нишонованинг икки нафар набираси учун икки йилдан буён алемент пули тўлаб берилмаётганлиги юзасидан мурожаати мутасаддилар билан биргаликда ўрганиб чиқилди, ижрога йўналтирилди.  “Агрон” маҳалласида яшовчи З.Сувонованинг юрак хасталиги сабабли 1-гуруҳ ногиронлигини бериш бўйича қилган мурожаати асосида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилиши режалаштирилди.

Албатта, депутатларнинг аҳоли ўртасидаги мавжуд муаммо ва таклифларни ўрганиши, муаммоларни бартараф этиш мақсадидаги изланишлари, ҳудуддаги ижтимоий шарт – шароитларни ўрганиш асосида тегишли давлат идоралари раҳбарлари билан аҳволни яхшилаш бўйича мулоқотлари сайловчиларнинг эртанги кунга, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. 


Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+