Хайр-саховатли халқимиздан миннатдорман!

06.05.2020 15:05:46

Инсон зоти эртага нима бўлишини билмас экан. Дилда шукроналик билан ҳар бир ўтаётган дақиқасига ҳасанот келтириб яшаш қалбда жўш уриши лозим бўлган эзгу фазилат эканлигини англаш ҳам бир бахт аслида.

Куни кеча Сирдарё аҳлининг бошига тушган мусибатни бироз олдин ҳаёлга ҳам келтирмаган эдик. Нечалаб ватандошларимизнинг уй-жойларидан, бор-будидан айрилди. Бутун  қалбида эзгулик жўш урган меҳрибон халқимиз ўз хайр-саховатларини аяшаётгани йўқ. Ҳали Қашқадарё дейсизми, Самарқанд, Жиззахдан тортиб Наманган-у Андижондаги юртдошларимизгача – барчаси бир тан-у бир жон бўлиб ёрдам қўлларини чўзишмоқдаки, бу оқибатимиз кучлилигидан, қон-қонимизга сингиб кетган азалий қадриятларимизнинг нақадар инсонпарвар эканлигидан дарак бериб турибди.

Айни дамда қалбимда кечаётган ҳисларни тасвирлаб беришим бироз қийин кечмоқда. Сабабики, бу офат юз берган жойларнинг яқин ҳудудида оиламиз, жонажон маҳаллам, барча яқин қавм-у қариндошларимиз жойлашганлиги менинг бу воқеалар сувратини теранроқ англашимга туртки бермоқда. Кўз ўнгимдан ўтаётган англаб бўлмас ҳодисалар мени чуқур ўйга солмоқда. (Яхшики, сув омборининг орқа томонида, баландликда жойлашган қишлоғимни бу бало четлаб ўтган. Аллохнинг меҳрибонлигига ҳамд-у санолар бўлсин!) Ўзим Тошкентда бўлсам-да юрагим, бутун қалбим, фикри ёдим ўз туғилиб ўсган жойимда.

Энг аввало, офат юзага келиши биланоқ ўша жойда ҳозир-у нозир бўлган муҳтарам Президентимизнинг халқимизга далда бериб, елкама-елка бўлганликлари, офатдан жабр кўрган инсонларни қарамоғига олиб, ҳар бирининг кўнглини кўтарганликларини тил билан таърифлашга ожизман. Ўз халқини боласидек ардоқлаб, ташвиш чекаётган, қайғураётган Юртбошимиз бор экан, биз бу синовларни омонликда, ҳамжиҳатликда бешак енгиб ўтамиз.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

 Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+