Хайрия ишлари давом этмоқда

07.12.2020 13:12:53

Дунё бўйлаб ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад ногиронларнинг ҳуқуқ-манфаатлари инобатга олинишини, уларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Буни 2016 йил 28 декабр куни Ўзбекистон Республика Президенти томонидан ПҚ-2705-сонли "Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг имзоланганида кўриш мумкин.

Мазкур Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг
3 декабрь куни Жиззах вилоят хокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти,  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Жиззах вилоят ташкилоти, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси  ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан Жиззах шаҳридаги ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга ногиронлик аравачаси, озиқ-овқат, кўрпа-тўшак маҳсулотларидан иборат совғалар топширилди. Улар яшаш хонадонининг ўзида бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб беморларнинг ҳолати юзасидан мутасаддиларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Амалга оширилган бундай ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни, хусусан, ногиронларни ижтимоий муҳофазаси борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва серқирра чора-тадбирларнинг бир томони, холос. Энг асосийси шуки, бугунги кунда юртимизда ногиронлик муаммоларини ҳал қилиш йўналишининг мустаҳкам пойдевори яратилди ва ушбу долзарб йўналишда давлат органлари, кенг жамоатчилик, республикамизнинг ҳар бир фуқароси мақсадли ишларни амалга оширмоқда.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+