Халқимиз қалбидаги қўшиқ

10.12.2020 22:12:35

 

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

“Адолат” СДП Бекобод шаҳар Кенгаши ташаббуси билан шаҳар Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан шаҳардаги 11-сонли болалар ва ўсмирлар мусиқа мактабида “Мадҳиямиз мадҳ этиб, биргаликда куйлаймиз” мавзусида байрам тадбири ташкил этилди.

Унда Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси Гулзира Шарипова иштирокчиларга давлатимиз мадҳияси мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзи эканлиги тўғрисида муфассал маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Давлат мадҳиямиз янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади, ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Бу муаззам садо азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этади.

Юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларида мазкур шукуҳли тарона жаранглаганда қалбларимиз фахру ифтихорга тўлади.

Демак, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Гулзира Шарипова, шаҳар Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Улуғбек Абдуназаровлар томонидан Давлат мадҳияси ҳақида билдирилган мана шундай фикр-мулоҳазалар тадбирнинг юқори савияда ўтишига хизмат қилди.

         Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+