Халқимиздан янги таклиф, янги ғоялар

14.02.2024 12:02:01

Янги Ўзбекистонда юртдошларимиз ўз ҳаётидан янада мамнун бўлиб, бахтли ва саодатли яшашлари, таълим олишлари ва меҳнат қилишлари учун Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси қандай муҳим ғоя ва ташаббусларни келажакда ўз олдига мақсад қилиб олиши даркор?
Бугун жамиятимиздаги ечимини кутаётган қандай долзарб муаммолар борки, халқимиз фаровон ҳаёт кечириши учун соя ташламоқда? Партиянинг янги Сайловолди дастури учун муҳим таклифларни тақдим эта оламизми?
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, депутатлар ва фаоллар ҳудудларда бўлиб, турли соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар олиб боришмоқда. Соғлиқни сақлаш, фан ва таълим муассасалари етакчилари, тадбиркорлар ва ҳуқуқшуносларнинг долзарб масала юзасидан фикрларини ўрганмоқдалар.
— Бугунги кунда оилавий ажримлар сони кескин ортиб бормоқда. Эри томонидан ундириладиган алиментларга ишониб, айрим аёлларимиз 2-3 нафар фарзандини тирик етим қилишдан қўрқишмаяпти. Бугунги кунда болаларнинг моддий эҳтиёжларини (егулик, кийим-кечак в.ҳ.) қондириш учун 1-2 миллион сўм етарли эмас. Бу маблағ билан фарзандларни яхши едирибгина қолмай, уларни кийинтириш ва ўқитиш, жамият ва юрт корига ярайдиган инсон сифатида тарбиялаб, вояга етказиш ҳам зарур. Агар эри яхши ишда ишласа, кўрсатилган миқдорда алимент олар, аммо кам маош берадиган ишда ишласа, арзимаган 400 000 -500 000 сўм маблағ билан ўзини ҳам, фарзандларини ҳам қийин аҳволга солиб қўйишади. Эртага қарабсизки, бесабрлик билан ота-онасини уйига келган аёл уй-жой, моддий ёрдам сўраб маҳалла идорасида, қайсидир идоралар остонасида сарсон-саргардон юради, — деди Насибахон Орипова. – Афсуски, оилавий ажримлар фарзандларнинг келажагига, таълим олишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис ҳам эр ҳам хотин ҳам, фарзандлар келажаги учун оилани мустаҳкамлигини сақлаш ҳақида ўйлаши зарур. Оилавий ажримларни олдини олиш учун қонунларимизга янада муҳимроқ ўзгартиришлар киритилса яхши бўларди.
— Миллатимиз учун тарбия ҳамиша муҳим вазифа бўлиб келган. Бироқ, бугунги кунда телеграм, инстаграм, фейсбук тармоқлари орқали кўпроқ одам йиғиш учун ахлоқсизлик кун сайин кўпайиб боряпти. Куни кеча Наманганда эндигина 17 ёшга кирган қиз “ Менга эр керак” деб кўча -кўйда юргани-ю, эл олдида ўзи билмаган ҳолда шармисор бўлгани жуда ачинарли ҳол. Бу тармоқлар орқали миллатнинг шаънини, қадр- қимматини ерга урадиган ҳақоратли сўзлар, уятли ҳаракатлар кўпайиб кетаётгани билан бир қаторда ёшларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Нега миллатни оёқ ости қилаётганларга, ўзбек халқини оламга шармисор қиладиганларга қатъий чора белгиланмайди? Бу каби долзарб масалаларга адолатли ечим топишга ўз ҳиссамизни қўшсак мақсадга мувофиқ бўлар эди, — деди Халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Собирова.
— Бугунги кунда шаҳардами, қишлоқдами, қайси озиқ-овқат савдо дўконига қараманг, ёнида машҳур боксёр Ҳабиб Нургамедов энергетик ичимликларни реклама қилиб турганига кўзингиз тушади. Ҳой, одамлар, у меҳнат қилмай, шу энергетикни ичиб юргани учун доим ғолиб бўляптими, дейдиган одам йўқ. Бу ёлғон рекламалар ортидан ахир фарзандларимизни жигарини, саломатлигини бой бериб қўйяпмиз-ку. 17-18 ёшли йигит бунга ақли етар, аммо 14-15 ёшли ўсмирларга сотиш мумкин эмас, дейилгани билан қайси сотувчи "уни сенга сотмайман", - дейди? Нафсини гапига кириб пуллаб ётибди.
Менинг таклифим: бундай энергетик ичимликларни сотишни умуман тақиқлаш ва ишлаб чиқаришни тўхтатиш керак. Ёки фақатгина кафе, ресторанлардагина сотилса, балки ёш болаларни бу балодан асраб қолармидик. Партия томонидан янги Сайловолди дастурини яратаётганда бу муҳим масалага ҳам эътибор қаратишларингизни жуда истардим, — деди Тошлоқ туманидаги 39-мактаб директори Муҳайёхон Охунова. “Адолат” партияси Сайловолди дастури учун билдирилаётган ғоя ва ташаббуслар етарлича. Уларни саралаш ва энг муносибларини келгуси 5 йиллик учун муҳим дастур сифатида олиш учун халқ орасидамиз.
Сиз-чи, қадрли ватандошим? Сиз бизга қандай таклиф ва ташаббусни билдирасиз? Биз Сизни бажонидил эшитамиз.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+