Ҳамкорликнинг янги марралари

24.01.2024 13:01:14

   Фарғона вилоятининг Фарғона туманида бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 19 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган мингдан зиёд аъзолари мавжуд. Улар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида фаоллик билан меҳнат қилиб келишмоқда.
Партия Сайловолди дастурини тарғиб этиш, аъзолар сафини янада кенгайтириш, сайловчилар билан бўлиб ўтган сайёр қабуллар давомида аниқланган муаммоларни тизимли ҳал этиш борасида партиянинг Фарғона туман Кенгаши раиси - Нодирбек Каримов ва партиянинг депутатлик гуруҳи аъзоларининг фаолияти ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.


   “Адолат” СДПнинг электорати ҳисобланган тиббиёт ходимлари билан мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб келинади. Мамлакатимизда жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда депутатларни сайлаш ва партиянинг янги Сайловолди дастурини яратишдек масъулиятли давр барчани янада ҳамжиҳатликка ва бирдамликка чорламоқда.


   Фарғона тумани тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси - Шаҳноза Ғаниева иштирокида ўтказилган навбатдаги мулоқотда ҳам партиянинг янги Сайловолди дастури учун берилган муҳим таклифлар ўрганилди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларидаги оилавий поликлиникалар учун замонавий диагностика жиҳозларини олиб келиш, онкологик ва гематологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар 3 ойда чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ташкил этиш каби қатор муҳим масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.


   Мулоқот давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга баҳоли қудрат ўз кўмагини кўрсатиш мақсадида бирлашмага қарашли бўлимлар учун энг сўнгги русумдаги 20 дона қон босимини ўлчаш аппаратлари топширилди.


- “Адолат” СДП партияси бизнинг доимий ҳамкоримиз, — деди тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамшираси Нилуфархон Худоберганова. — Партия билан ҳамкорликда олис ҳудудларда бепул тиббий кўрикларни ташкил этамиз, зарур ҳолларда фуқароларни бепул дори-дармонлар билан ҳам таъминлаш чоралари ҳам кўрилади. Бундан ташқари, бирлашма бўлимларидаги ходимларимизга партия томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, шахсий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиб келаётганликлари учун ҳам ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Бугун ҳам жамоамизнинг партия сафига кириш истагини билдирган ўнлаб ходимларига партия гувоҳномалари топширилди.
    Адолатчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Улар томонидан билдирилган таклиф ва истаклар, янги ғоя ва ташаббуслар янги Сайловолди дастури учун замин яратади. Муҳими, истаклар ва мақсадлар муштараклиги — халқимиз саломатлигини ишончли ҳимоялаш ва ватан тараққиётига хизмат қилади.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+