Ҳаммаси сабр-тоқат ва хушёрлигимизга боғлиқ

04.08.2020 11:08:29

Бутун дунё аҳли, шу жумладан, халқимиз ҳам айни кунларда коронавирус инфекцияси туфайли жиддий синов даврини бошдан ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари йиғилишларда коронавирус оқибатларини бартараф этиш, касалликка қарши курашда самарадорликни ошириш, ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида куюнчаклик билан гапириб, масъул ва мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар бермоқда. Халқимизни мана шундай оғир синов кунларида карантин талабларига сўзсиз амал қилишга, бу курашда онглилик, темир интизом ва тиббий маданиятни асосий қуролга айлантиришга даъват қилмоқда.

Афсуски, кўриб борилаётган чора-тадбирларга қарамай беморлар ва ушбу касалликдан ўлим сони ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга соляпти. Чунки, мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш эканлиги, бунда ақл билан карантин қоидаларига риоя қилиб, сабр-тоқатили бўлишимиз қайта-қайта таъкидлаб келинмоқда.

Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни тўғри тақмаслик, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кейинги кунларда пандемияга қарши курашни кучайтириш ва самарасини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, коронавирусга чалинган беморларни даволаётган фидойи шифокорларимизнинг иш хақини жойида олиш тизими жорий этилгани, шифохоналарни қўшимча тиббий аппаратлар ва бошқа ускуналар, дори-дармон билан таъминлаш, янги даволаш ўринларини кўпайтириш, таҳлил натижаларини тезлаштириш чоралари белгилангани бу курашда ижобий натижаларни кучайтиришга хизмат қилади.

Куни кеча ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, хизмат бурчини садоқат ва матонат билан адо этаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Президентимиз 20 июль куни мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларни чуқур танқидий таҳлил қилиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида энг ёмон кўрсаткич қайд этилаётганини афсус билан таъкидлади.

Мазкур вазиятни ўнглаш учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича муҳим топшириқлар берилди. Хусусан, вилоятда тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шундан 25 таси жойларга тарқатилди. Касалликка чалинишда гумон қилинган шахсларни даволаш ва назоратга олиш учун 905 та даволаш ўрни, ташхиси тасдиқланганлар учун 210 ўринли стационар шифохоналар хизмат кўрсатади. Бунинг учун қўшимча 350 та захира ўрни тайёрлаб қўйилди. Энг муҳими, беморларни даволаш учун зарур дори-дармон захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳокимликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни “Дори-дармон” акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди. Буларнинг барчаси кўринмас ёв – коронавирусга қарши курашда ҳал қилувчи босқич бошланаётганини билдиради ва кўрилаётган бу чора-тадбирлар тез орада ўз натижасини беради. Президентимиз айтганларидек, ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз, бутун эл-юртимиз соғлиги ҳақида, аввало, ўзимиз қайғуриб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Шунда коронавирусга қарши курашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Албатта, бу мураккаб синов ва оғир курашни сабр-тоқат билан хушёрлик ва огоҳликни кучайтириш орқали енгиб ўтишимиз шубҳасиз. Шундай экан бу балони даф қилишимиз карантин қоидаларига қанчалик роия қилишимизга боғлиқ.

 

Умид ШОУМАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+