"Ҳар бир ёшга - бир гектар ер" лойиҳаси – Сариосиёда

11.02.2021 18:02:55

Мамлакатимизда ўғил-қизларнинг соғлом ва етук бўлиб вояга етишлари, керакли касб-ҳунарни эгаллаб, Ватанга содиқ хизмат қилишлари учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва кўлами кенгдир. Уларнинг иқтидорини ривожлантириш, бўш вақтларини сермазмун ўтказишлари ва иш билан бандлигини  таъминлаш масаласи ҳамиша муҳим саналган.

Бу борада йўлга қўйилган талай дастурлар ҳозирга келиб ўз самарасини бермоқда. Ана шулардан бири бу - “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси ҳисобланади. Вилоятимиз ҳудудида ўтган йил 4000 нафарга яқин ёшларга 1 гектардан ер майдонлари ажратилиши белгиланган. Шу вақтга қадар ўтган йилда ер ажратилганлар эса айни пайтда далаларда жавлон уриб, тер тўкишаётир.

Сариосиё туманида ҳам “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасига асосан туманда ўтган 2020 йилида жами 500 гектар ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин экиш учун ёшларга берилган эди. Ғалла ўрим-йиғим ишлари тугатилган майдонлар уларга тақсимлаб берилди. Шунингдек, туманда  истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ва ишсиз йигит-қизлардан 36 нафарига туман захирасидаги 26 гектар майдондан тақсимланди.

Жорий йил ҳам бу борадаги тадбирлар давом эттирилиб, ёшлар бандлигини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Куни кеча  тумандаги "Ҳулкар" маҳалласида  маҳалладаги 16 нафар банд бўлмаган ёшларга деҳқончилик қилиш орқали даромад олишларига имкон яратиш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ёшга 25 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Тадбирда Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутатлари, туман прокуратура ходимлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари   ҳамда фермер хўжалиги раҳбари биргаликда ёшлар учун ажратилган «Тоқчиён пахта» фермер хўжалиги ҳисобидаги 4 гектар ер майдонларини ўз эгаларига топширди. Фермер хўжалиги раҳбарларига ерни текислаш ва дастлабки техник ишлов бериш каби ишларни амалга оширишда ёшларга кўмак кўрсатиш вазифаси қўйилди.

-Мен ҳам ўша ёшлар қаторидаман, - дейди маҳаллада яшовчи ёшлардан бири Кароматулла Ҳақбердиев. - Ҳар бир давлатнинг эртаси ёшларга қаратилаётган эътиборига қараб белгиланади. Бу йилги мураккаб ва синовли йилда ҳам ишсиз юрган йигит-қизлар тақдирини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида ҳар бир ёшнинг тақдири турибди. Шунингдек, уларни иш билан таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган чуқур ўйланган стратегия мавжудлиги яққол сезилиб турибди. Ҳукуматимиз, халқимиз омон бўлсин, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

-Бир неча йиллар хорижий давлатларда саргардонликда юриб, қора меҳнатнинг аччиқ азобини тотиб кўрдим, - дейди маҳалла фуқароси Элдор Пардақулов.- Бегона юртларда отам ва фарзандларим соғинчи юрагимни эзиб юрарди. Менга ўхшаб юрган талай ёшларни кўрганман. Айни кунларда бизга ўхшаган ёшларга ер ажратилиши айни муддао бўлди Бу йил менга ажратилган ерга полиз маҳсулотларини экмоқчиман. Насиб этса, юқори даромадни кўзлаб турибман. Энг муҳими, ўз юртим, оилам бағридаман. Бундай имкониятлар ва эътибор учун ҳукуматимизга самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Бугун ўз ерида тер тўкиб меҳнат қилаётган бу ёшлар халқимизнинг ишончини оқлаш учун астойдил хизматга бел боғлашган. Улар халқимиз дастурхонига ўз экин майдонларидан мўл ҳосилни тортиқ этиш ниятидалар.

 

Бу борадаги тадбирлар туманда давом этмоқда.

 

Бехзод АХМЕДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар қаноти”

Сариосиё туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+