Ҳаракатни бугундан бошламасак эртага кеч бўлади

20.11.2023 16:11:14

Эрталаб ишга шошилиб чиқиб келаётганимда ёшгина келинчакнинг ариқда оқаётган зилол сувга хас-хазонларни супураётганини кўриб дилим оғриди. Ҳой бундай қилиши гуноҳ бўлади деб оғиз очганимни биламан, шошиб тургандимда дея супургисини кўтариб уйига кириб кетди.

Инсоният глобал иқлим ўзгаришлари шароитида яшаяпти. Табиат кескин ўзгармоқда, уни башорат қилиш мураккаблашмоқда. Мутахассислар томонидан мамлакатимизда яқин келажакда, балки келгуси йилларда кутаётган сув танқислиги ҳақида кўп гапирилаяпти, оммавий ахборот воситаларида бонг урилаяпти, аммо, кўпчилик бунга жиддий муаммо сифатида қарамаяпти.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида, Сурхондарё вилоятини бир қатор фаоллари билан учрашувида сувни қадрлаш, асраш, тежаш борасида куюниб, айни бизга керакли, фойдали сўзларни гапирди. “Сув – текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим дея қатъий таъкидлади давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев бекорга куйиб-пишаётгани йўқ. “Олдингда оққан сувни қадри йўқ” деган ибратли нақл бежизга айтилмаган, “Кўпчиликда бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” қабилида иш тутиш одатга айланган. Олдимиздан оқаётган сувнинг қадрига етмаймиз. Хўш сув танқислиги бошланса аҳолининг яшаш шароитига қандай таъсири бўлади, энг аввало нарх-наво кескин ошади, атроф-муҳит экология жуда оғир вазиятга тушади, чанг-тўзон нафас олиш ҳам қийинлашади, ўсимликлар, дарахтлар нобуд бўлади. Инсониятни очлик, очарчилик қарши олади. Очлик энг ёмон инстинкт, унинг қаршисида ҳеч қандай инсоний куч тўсиқ бўла олмайди. Энди ўйлаб кўрингчи одамзод бу шароитда яшай оладими?

Биз қилаётган ишларимиз оқибатини унутиб қўйдик. Ариқларда оқаётган сувларимизни ҳам қадрига етмаймиз. Уларнинг ёқаларига чорва молларини боғлайдиган, керак бўлса ахлат оқизадиган бўлдик. Артизан қудуқдан соатлаб фойдаланамиз, ичимлик сув жумрагини охирига қадар очиб сувни исроф қилиб, кўчаларни, ҳовлиларни ювамиз.

Инсоният эътиборсизлиги, ҳеч қачон тугамайдигандек исрофгарчиликка йўл қўйиши оқибатида сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Сув ресурслари йилдан-йилга камайиб бораётгани оқибатида озиқ-овқат танқислиги кўплаб давлатларда кун тартибидаги энг асосий масалалардан бирига айланмоқда.

Келинг азизлар ота-боболаримздан қолган “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан” деган ибратомуз сўзларини ёдга олиб бу бебаҳо неъматни вақтида қадрига етайлик, ёшларга, фарзандларимизга исрофгарчилик увол эканлигини тушунтириб борайлик, кеч бўлмасдан, ҳаракатни бугундан бошлайлик.

Лола Сайидова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+