Ҳеч ким эътибордан четда қолмасин

20.03.2024 15:03:49

Адлия Вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 20 январидан 20 мартига қадар «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» номли ҳуқуқий акциясига старт берилган эди. Шу муносабат билан Самарқанд вилоят, адлия бошқармаси, туман шаҳар адлия бўлимлари, давлат хизматлар маркази, ФҲДЁ бўлимлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиши баробарида ҳужжатсиз фуқаролар муаммолари ҳам ўрганилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳар Дарғом маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Провоторова Ларисага тегишли фуқаролик паспорти бўлмаганлиги сабаб икки нафар 2004 ва 2008 йилда туғилган фарзандларига туғилганлик ҳақида гувоҳномалар расмийлаштирилмаганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат назоратга олиниб, Самарқанд шаҳар адлия бўлими, Самарқанд шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан тегишлича ҳужжатлар йиғишда амалий ёрдам кўрсатилиб, 2004 йилда туғилган Провоторова Оксана ва 2008 йилда туғилган Провоторов Богданларга туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштириб берилди. 20 ёшда илк ҳужжатга эга бўлган Оксана Ўзбекистонда ёшларга берилаётган мана шундай ғамхўрлик ва эътибордан чексиз хурсандлигини билдирди. Шунингдек, Қуйи Хўжа соат маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Мамадалиева Санобар Ҳасановнага тегишли фуқаролик паспорти ҳам бўлмаганлиги сабабли 2012 йилда туғилган фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштиришда турли тўсиқларга учрагани маълум бўлди. Бу ҳолат ҳам акция доирасида назоратга олиниб, тегишли ҳамкор ташкилотлар кўмагида 2012 йилда туғилган Мунисга илк ҳужжат расмийлаштирилишига эришилди. Мунис ҳозирда ўзи ўқиётган 24-сон умумтаълим ўрта мактабида аълочи ўқувчиларданлиги, аммо ҳужжати йўқлиги сабабли тингловчи сифатида қабул қилингани маълум бўлди. Келажакдаги орзуси ҳуқуқшунос бўлиш эканлигини ҳаяжон билан сўзлаб берди. Бу каби қувонган қалбларни, эртанги кунидан, порлоқ келажагидан умидвор ёшларни кўриб, инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги амалда ўз аксини топган диёрда яшаётганимиздан мамнун бўламиз.

Инобат Бобоқулова,
Халқ депутатлари
Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+