Ҳомийлик асосида 10 та замонавий уй-жойлар эҳтиёжманд оилаларга топширилди

05.12.2023 18:12:14

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги барча жойларда муносиб тараддуд ва байрамона руҳ билан кутиб олинмоқда. Байрам кайфияти Марғилонлик ўнлаб оила аҳли учун ўзгача қувонч ва шодликларга ва унутилмас онларга бой бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 77-моддасида шундай дейилган.
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради, деган сўзларни ўқиймиз. Қонун устуворлиги ҳар соҳада ўз ифодасини топаётганининг гувоҳи бўламиз.

Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, “Марғилон саховати” хайрия ҳаракати асосчиси Аъзамжон Ахмаджонов ташаббуси билан Марғилон шаҳридаги кам таъминланган, уй-жойга эҳтиёжманд оилалар учун 10 та замонавий уйлар топширилди.

Тадбирда “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Ш.Ғаниева, Марғилон шаҳридаги сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

10 та оиланинг жажжи дилбандлари учун бу энг бахтиёр онларни ҳадя этгани рост. Муҳташам хонадонлар, мебель жиҳозлари, газ плитасидан тортиб, гилам, дарс қилишлари учун ҳам барча шароитлар муҳайё этилган.

-Тақдир инсонни кўп синовлар билан синар экан. 3 нафар фарзандларим билан уй –жойсиз кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Фарзандларимни болалик бахти-қувончи қийинчиликлар билан кечаётганидан қалбим изтироб чекарди, — дейди ана шундай бежирим уйларга эга бўлган хонадон соҳибларидан ...- Биз жуда бахтлимиз. Фарзандларимни қувончи ичига сиғмайди. Энди ўз уйимиз бор, деб худога шукр қилар эканмиз, саховатпеша халқимизга, ана шу ишларга бош бўлган депутатимиз Аъзамжонга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Дуо қиламиз, илоҳим фарзандларимиз ҳам ўқимишли бўлиб, Адолат билан иш юритиб, одамларга ёрдам қўлини чўзган Аъзамжондек хайрли ишларга бош бўлишсин, — дейди Санобархон опа.
Яхшилик инсонни ҳамиша юксакларга парвоз қилиши учун қанот бўла олади. Хайрия ҳаракатлари Аъзамжон етакчилиги ва адолатли бошқарувида эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида, яна кимгадир саломатлигини тиклашга, жарроҳлик амалиёти ва бошқаларда беҳисоб эканлиги билан эътирофга муносиб.

Гулчеҳра Аҳмедова
“Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+