Хотин-қизлар ҳимояси йўлида

25.02.2021 10:02:57

“Адолат” СДП Бўка тумани Кенгаши Аёллар қаноти “Наврўз”, “Жағалбайли” маҳаллаларида “Хотин-қизларларга нисбатан зўравонликларни олдини олиш мамлакатдаги ислоҳотларнинг муҳим омили” мавзусида хотин-қизлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар хақида сўз борди.   

Таъкидланганидек, бугунги  глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Чунки,  аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш кун тартибидаги масалаларидан ҳисобланади.

Фикримизнинг исботи сифатида бу каби ҳолатларга юртимизда истиқомат қилаётган, хорижга кетган хотинидан ўч олиш мақсадида  4 ёшли қизчани урган собиқ ИИБ ходими яъни қизнинг ўз отасини мисол қилиш мумкин. Хотин-қизларимиз тазйиқ ва зўравонликка учраётган бундай ҳолатларни тез-тез учратяпмиз.

-Тўғри, қонунчилигимизга кўра, шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмишга киради дейди, - партия туман Кенгаши Аёллар қаноти гуруҳи раҳбари, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси  Шахло Раҳмонова. -  Лекин шундай бўлса-да, ҳаётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари томонидан етарлича эътибор берилмаётгани кўп учрамоқда. Шунинг учун руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш талаб этилаётган эди. Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

-Қонун жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади, - дейди Халқ депутатлари Бўка туман  Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси  Хуршида Абидова. -Шу орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилди. Албатта, у давлат ёки жамоат ташкилоти бўладими, хотин-қизларга эътибор, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар доим барча саъй-ҳаракатларнинг марказида бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки аёлга эътибор, жамиятга эътибор дегани. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун орқали ожиза бўлган аёлларни хўрлаш, уларни ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи қонунан мустаҳкамланди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш имкониятлари янада кенгайди. Энг муҳими, жамият таянчи бўлган аёллар энди камситилмайди, улар турли тазйиқларга учрашининг олди олинади.

Айтиш жоизки, юртимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликни юқори босқчига кўтариш, ҳар бир аёл, ҳар бир қизга миллат келажагини яратувчи, тарбияловчи куч сифатида қаралишини эътироф этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш сингари хайрли ишларга кенг йўл очишдир.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+