ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

16.06.2022 09:06:45

Бугун юртимизда конституциявий ислоҳотлар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида, қизғин муҳокамасида бўлиб турибди.

Таъкидлаш жоизки, демократлашув жараёнида жамият – ислоҳотлар ташаббускорига айланиши зарур ва шартдир.

Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бу унинг янада такомиллаштириш баробарида, халқимизнинг манфаати янада ишончли кафолатланишига хизмат қилади, шунингдек, бугунги ва келгуси тараққиётни белгилаб беради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бугунги мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берувчи муҳим паллада жонбозлик билан иштирок этмоқда. Партия мазкур йўналишдаги тадбирларни “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик!” умумий шиори остида ташкил этмоқда. Партия ташкилотлари жойларда аҳолининг турли қатламлари орасида бўлиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганишмоқда.

2022 йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Янги конституцион ислоҳотларда хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш” мавзусида ўтказиладиган тадбир ҳам айни мақсадда ташкил этилди.

Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш масаласи кўриб чиқилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдурахимович, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов, Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамиров, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Махмуджон Болтабаев, Вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рохила Абдукаримова, Тошкент вилояти ИИБ масъул ходими, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, партия вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти раиси Гулнора  Ахмедова, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, партия хайрихоҳлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдурахимович бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий муносабатларда иштирок этишининг зарурий ҳуқуқий кафолатлари яратиб берилаётгани борасида фикр юритди. Хусусан, Янги Ўзбекистон Конституциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш зарурияти ҳақида маъруза қилди.

Шунингдек, тадбирда “Конституция бош қомусимиз”, “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Аёллар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш масалалари”, “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда партиянинг вазифалари” мавзусидаги маърузалар ҳам тингланди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаоллик кўрсатиш, бунда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи экани қайд этилди.

Тадбир сўнггида унда иштирок этган қатнашчиларнинг мавзу доирасидаги фикр-мулоҳаза, таклифлари тингланиб, қизғин муҳокама қилинди. 

Ҳаётдаги ўзгаришлар ҳамда ижтимоий муносабатлар ривожланиб бориши, жамият ҳаётининг барча жабҳасини ислоҳ қилиш зарурати ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, келгусида Конституцияда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш долзарб вазифа сифатида қолаверади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+