Ҳозирлик қизғин

31.05.2022 10:05:22

1 июнда навбатдаги “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” нишонланади. Тараққийпарвар инсоният яна бир бор ўзининг навқирон авлод вакилларига муносабатини изҳор этади. Ҳар йилги эзгу анъанага мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  “Адолат” социал-демократик партияси томонидан  “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси ташкил этилади. Наманганда ҳам кенг жамоатчиликнинг эътиборига сазовор бўлган бу тадбирни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказиш режалаштирилмоқда.

 – Партиямиз томонидан ўтказилаётган мазкур тажбир халқимиз ўртасида тобора оммалашмоқда, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Масалан, ўтган йили декабрда ушбу тадбир бир кунда ўтказилиши мўлжаланган эди. Амалда эса бир ҳафта давом этди. Чунки тарғибот ва ташкилотчилик ишлари яши олиб борилгани учун беғараз донорлар сафи кенгайиб кетди. Жами икки юзга яқин киши қон топширди. Бу борада республикада тўртинчи ўрини эгаладик. Бу сафар эса янада юқорироқ натижани кўзламоқдамиз.

Партия фаоллари шу мақсадда пухта режа асосида иш олиб бормоқдалар. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кенг йўлга қўйилди. Маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда давра суҳбатлари, учрашувлар, марузалар ўтказилди. Уларда Акциянинг ғоя ва мақсадлари кенг тарғиб қилинди. Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш учун кўнгили равишда қон топшириш ҳамма учун инсоний бурч эканлиги тарғиб қилинди. Шу билан бирга донорлик тартиб қоидалари тўғрисидав ҳам маълумот берилди.

 Бу ҳафтада ўтказиладиган ана шу тадбирнинг навбатдагиси  “Халқаро ногиронлар куни” га бағишланмоқда. Одатдагидай, акцияга Наманганда ҳам пухта ва ҳар томонлома ҳозирлик кўрилмоқда.

    – Фаолларимиз мазкур акцияни ташкил этишда анча-мунча тажриба тўплаганлар, - дейди вилоят партия Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Биринчи навбатда аҳоли ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини кенг йўлга қўйишга эътибор қаратдик. Давра суҳбатлари, учрашувлар, маърузалар ва мулоқотларда тадбирни ўтказишдан мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг қўллаб-қувватлаш эканлиги ҳақида фикр юритилди. Айни пайтда донорлик учун зарур тартиб-қоидалар ҳам тушунтирилмоқда.

Аҳолига акция ҳақидаги маълумотларни батафсил етказиш мақсадида аввалги тажрибадан келиб чиқиб, қатор ижтимоий тармоқларда ишловчи блогерларга мурожаат қилинди. Улар акция ҳақидаги эълон матнини бажонидил ўз саҳифаларида жойлаштиришга рози бўлдилар. Эзгу ишдан шаҳар ва туман ҳокимликларининг ахборот хизматлари ҳам четда қолмадилар. Уларнинг жами обуначилари сони йигирма мингдан ортиқлигини эътиборга олсак, фуқароларнинг партиямизнинг мазкур лойиҳасидан хабардорлик даражаси анча юқори бўлишини таъминлайди.

“Адолат” СДП лойиҳалари ичида "Бор меҳримиз сенга, болажон!" акцияси улар ичида алоҳида ўрин тутади. Чунки ёш авлод ҳақида ғамхўрлик руҳи билан суғорилган бу тадбир юотимизда инсонпарварлик даражаси нақадар юқорилигидан далолат беради.  Ахир, болалар дардига малҳам бўлиш энг олийжаноб иш эканлгини ҳамма билади-ку.

 – Ҳар сафар беғараз донорлик акциясида Тўрақўрғондан ўнлаб олийҳиммат инсонлар қатнашади, - дейди мазкур туман “адолат”чиларининг етакчиси Заҳрохон Аҳмедова. – шунинг учун навбатдаги акциядан кўпчиликни хабардор қилмоқдамиз. Дастлабки маълумотларга қараганда, бу гал камида ўттиз киши вилоят қон қуйиш марказига бориш истагини билдирди.

 Худди шундай маълумотлар бошқа ҳудудлардан ҳам келмоқда. Демак, акциянинг оммавийлиги таъминланади.

Нурбек Абдуллаев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+