Ҳудудда бажарилиши зарур бўлган масалалар депутат эътиборида

01.02.2024 13:02:10

   Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш учун катта ишлар амалга оширилаяпти. Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида юртдошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек олий қадрият мужассам.
   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда аҳоли билан мулоқотга киришиб, оғирини енгил қилиш чорасини кўришмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир.


   Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси - Махфурат Хушвақтованинг Қашқадарё вилоят, Муборак тумани аҳолиси билан учрашувларида ечимини кутаётган кўпгина масалалар ҳал қилиниши белгиланди.


   Депутат Қарлиқ қишлоғи аҳолиси билан учрашганида фуқаро Ойжамол Бердишукурова уй-жой масаласида келишмовчиликлар юзага келаётганлиги юзасидан мурожаат қилди ва амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати шу ернинг ўзида мутасаддилар иштирокида бартараф этилди. Бундан ташқари, фуқаролар Қарлиқ қишлоғида бўш турган биноларни мослаштириб, болалар боғчаси сифатида фойдаланишга тегишли ташкилотлар рухсат бермаётганлигидан шикоят қилишди. Депутат бу масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли масъул ташкилотлар раҳбарларига йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди. Шунингдек , қишлоқ одамлари касб-ҳунар мактабини ташкил этишга ҳам кўмак сўрашди.
   Хўжамуборак қишлоғи ҳудудидаги 815 та хонадонда 4 660 нафар аҳоли истиқомат қилади. Депутат билан жонли мулоқотга киришган фуқаролар уйларда табиий газ муаммо бўлаётганлигидан норози бўлишди. Махфурат Хушвақтова бу муаммони тегишли тартибда ҳал қилиш учун туман газ таъминоти бўлими раҳбари - Акмал Авазовга юклади.
   Депутатнинг қишлоқ одамлари билан юзма-юз мулоқоти ва унда кўтарилган барча масалалар эътибордан четда қолмаганидан кўпчилик мамнун бўлди.

Ёқуб Амирқулов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+