Ҳуқуқий маслаҳатхона: Битирувчи ҳам нафақа олади

12.10.2019 12:10:13

2016 йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг Қарорида “Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан танлаб олиш ҳамда уларга нафақа тўлаш тартиби” баён этилган. 

Энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида

Етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар – битирувчилар энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида бир йўла нафақа олиш ҳуқуқига эгалар. Нафақа битта битирувчига фақат бир марта, яъни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битириб, ишга жойлашганида берилади.

Етим болалар — отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар;

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар — ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, касал бўлган, узоқ муддат бўлмаган, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортган, шунингдек бошқа сабабларга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.

Кимлар нафақа ололмайди?

Битирувчи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган муассасаларга жойлаштирилмаган ва бошқа қонуний вакиллари — васийси, ҳомийси, тутинган ота-онаси (патронат) қарамоғида турган бўлиши лозим. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида ўқиш даврида тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларга нафақа тўланмайди.

Қандай ҳужжатлар зарур?

Битирувчи нафақа олиш учун ўзи тамомлаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорига нафақа берилишини сўраб ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

- туғилганлик ҳақида гувоҳнома (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);

- фуқаролик паспорти (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);

- ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумоти тўғрисида диплом (асли кўрсатилган ҳолда нусхаси тақдим этилади);

- васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг ёки болани оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги келишувнинг нусхаси;

- доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган битирувчининг оилавий ва мулкий аҳволи ҳақида маълумотнома;

- солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

- меҳнат дафтарчасининг иш берувчи томонидан тасдиқланган нусхаси;

- битирувчи ёки унинг ота-онасида мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) ҳақида туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхонаси томонидан берилган маълумотнома;

- битирувчининг тиббий-ижтимоий аҳволи — ногиронлиги, узоқ муддат даволанишга муҳтожлиги ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлган тақдирда).

Нафақа тайинланиши учун...

Директор бир иш куни ичида кузатув хати билан «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимига тақдим этади. Аризаларни кўриб чиқиш учун «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими ҳузурида комиссия ташкил этилади. Мазкур комиссия томонидан қуйидаги масалалар ўрганилади ва қарор қабул қилинади:

- битирувчининг ота-она қаровисиз қолишига асос бўлган ҳолатлар (ота-онаси вафот этган, бедарак йўқолган, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, узоқ муддат ишлаш, ўқиш ёки бошқа мақсадларда кетган, озодликдан маҳрум этилган ва ҳоказо);

- доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳамда туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан берилган маълумотномаларга кўра битирувчининг оилавий ва мулкий аҳволи, турар жой билан таъминланганлик даражаси;

- битирувчи тақдим этган ҳужжатларга кўра унинг тиббий-ижтимоий аҳволи (ногиронлиги, узоқ муддат даволанишга муҳтожлиги ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги).

Пул пластик карточкага ўтказилади

Комиссия қарорига кўра нафақа олишга муҳтож деб топилган битирувчилар рўйхати 3 иш куни ичида тасдиқлаш учун битирувчининг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади. Рўйхат 5 иш куни ичида васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан кўриб чиқилиб, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланади ва «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимига тақдим этилади. Бу ташкилот 2 иш куни ичида битирувчиларни рўйхатга киритилганлиги ҳақида хабардор қилади.

Нафақа битирувчига хизмат кўрсатувчи тижорат банкда очилган омонат (депозит) ҳисоб варағига ёки банк пластик картасига ўтказиб берилади. Битирувчи ўзининг банк маълумотларини тақдим этганидан кейин икки иш куни ичида пулни олишга муваффақ бўлади. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлими пул маблағларининг ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+