Илм бўстонида янги юлдуз

24.01.2024 15:01:17

2024 йил - Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили

   Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етишишига боғлиқ.
   Амалдаги йилнинг республикамизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дея номланиши изланувчан йигит-қизларга янги куч бағишлайди.
  Андижонлик “Ёш адолатчи” Мафтуна Эркинова тенгдошлари орасида илмга чанқоқлиги ва тиришқоқлиги билан ажралиб туради. У Избоскан туманидаги 9-мактабда ўқиб юрган вақтда-ёқ адабиётга, ўзбек тилини чуқур ўрганишга меҳр қўйди. Математика каби тилшунослик ҳам аниқликни талаб қилишини тушуниб етди. Ўзбек мумтоз адабиёти асарларини ўқиганда айрим сўзларни тушунишга қийналган кезлари ўз олдига тилшунос бўлишликни мақсад қилиб қўйди.
- Андижон давлат университети талабаси бўлгач танлаган йўлим осон эмаслигини кўрсам-да қарорим янада кучайди. Тўғри, биринчи йили дарсларни ўзлаштириш билан чегараландим. Устозим филология фанлари доктори, профессор - Дилора Набиева мени илм бўстони сари етаклади. Ҳар бир кунимни янги бир тил қоидаси устида ишлашга одатландим.
   Мафтуна устозларининг эътиборига жуда тез тушди. Дастлабки илмий тадқиқотлари ижобий баҳоланди. Қисқа вақтда 1 та патент, 10 га яқин илмий мақолалари маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг илмий журналларида чоп этилди. Бир қатор тезислари халқаро тўпламлардан жой олди.


   Ёш изланувчи ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол. 2023 йилда “Янги Ўзбекистонда инновацион тадқиқотлар” халқаро илмий-амалий конференцияси доирасидаги “Интеллектуал изланувчи” кўрик-танловида ўз мақоласи билан иштирок этиб, Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўзбекистон, Германия, Туркия, Россия ва Франция давлатларининг етакчи илмий марказлари доирасидаги халқаро илмий-амалий кўрик–танловда ҳам унинг ёзган мақоласи юқори баҳоланди. Тадбир якунида “Илм-фан ифтихори” эсдалик кўкрак нишонига муносиб топилди.
   Университет талабалари орасида ҳам фаоллиги ўз баҳосини олди. Иқтидорли талабалар учун таъсис этилган Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлди.
   Санасак, Мафтунанинг эришган ютуқлари жуда кўп. Уларнинг замирида изланиш ва яна изланиш ётибди.
- Давлатимиз томонидан биз ёшларга берилган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, шунга муносиб бўлишимиз лозим, - деди суҳбатдошимиз .- Айрим тенгдошларимни ўқишга қизиқмаслиги, бефарқликларини кўриб ачинаман. Ахир давлатимиз бизга катта ишонч билдирмоқда. Бу ишончни оқлаш учун ўқиш ва изланиш керак. Янги Ўзбекистоннинг келажаги бизнинг қўлимизда.
   Кўзлари ёниб, янги лойиҳаларни режалаштираётган Мафтуна Эркинова талабалик билан бирга ўзи ўқиган мактабда ўқувчиларга дарс ҳам бермоқда. Компьютер саводхонлиги “аъло” даражада, инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади. Яна гуллар парваришлашга, спорт билан шуғулланишга ҳам вақт топади.
   Келажак сари дадил одимлаётган ёш тилшуноснинг орзулари бир олам. Бугунги ҳаракатларига қараб орзуларига эришишига ишонамиз.

Акбаржон Назаров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+