"Инфолўттибоз"ликни тартибга солайлик

13.02.2024 17:02:34

Ҳамкасбим Шахноза Холмахматованинг фикрига тўлиқ қўшиламан! Халқимизни алдаб пулини ўмараётган, фарзандларимиз онгини заҳарлаётган сохта психологу-тренерларга қарши курашишимиз лозим.
Ҳақиқатан ҳам, бугун Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёки шахсий қабуллар ва оммавий учрашувлар орқали одамлар билан ўз билимларини ўртоқлашаётган машҳур бизнесменлару профессионал психологлар, лингвисту дастурчилар меҳнатини қадрлаймиз ва олқишлаймиз.
Бироқ ҳозирги ахборот замонида бўлар-бўлмас, ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган ғояларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, сохта психологлик еки бошқача маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиганлар кўпайиб қолди.
Психологик фаолият инсон руҳияти ва соғлиғига бевосита таъсир ўтказа олиши сабабли бутун дунёда мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахслардан муайян билим, малака ва тажриба талаб қилинади.
Бироқ, юртимизда сўнгги йилларда психолог хизматига талаб ошиши натижасида малакали психологлар билан бир қаторда 2-3 ойлик ўқув курсларини тугатиб фаолият юритаётган сохта “психологлар” сони ҳам ошмоқда. Улар психологияни ижтимоий фойдали воситага эмас, балки даромад топиш, яъни ўз шахсий манфаатлари йўлида бизнес қилиш воситасига айлантирмоқдалар.
Ушбу шахслар аҳолининг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳолда ижтимоий ҳаётдаги оғриқли нуқталарни юзага чиқариш ва муҳокама қилиш орқали уларни жамиятдаги муайян жараёнларга фикрини тубдан ўзгартириш ва манипуляция қилишга ҳаракат қилишмоқда, албатта ушбу жараёнда улар яхшигина даромад олишни кўзлашади.
Айрим ҳолатларда ушбу шахслар ҳар бир жамиятда нозик мавзу ҳисобланган “жинсий тарбия” ниқоби остида турли контентлар орқали аҳоли, айниқса ёшлар орасида ахлоқий бузуқлик ҳаракатларини тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, қайд этилган шахслар ўзи тарғиб қилаётган масалалар бўйича билимини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (диплом, сертификат, лицензия ва шу кабилар) мавжуд эмас.
Тўғри, айб сохта психологлар ёки “инфолўттивозлар”да эмас дейлик.
Албатта, улар ўз “маҳсулотларини” мижозларга, яъни тингловчиларга мажбурлаб ўтказгани йўқ. Катталарку, майли, ақли етар, оқ билан қорани ажратиб олар, аммо ёшларимизнинг ҳали шаклланмаган онгига бундай нарсалар салбий таъсир кўрсатиши муқаррар.
Инсонлар руҳиятига салбий таъсир қилувчи ва уни издан чиқарувчи ментал воситалардан фойдаланиш босқичма-босқич жамият деградациясига олиб келиши, юртимизда шаклланган оила қадриятларига путур етказиши, ёшларда салбий эгоистик фикрлаш кўникмаси шаклланишига шароит яратилишига олиб келиши мумкин.
Бу йўналишдаги фаолият ҳуқуқий томондан тўлиқ тартибга солинмаганлиги, соҳадаги субъектларнинг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий доираси белгиланмаганлиги мазкур салбий ҳолатлар вужудга келишига замин яратмоқда.
Шу боисдан ҳам қонунчилигимизда психологик фаолият нима, психолог ким, унга қандай малака талаблари қўйилади, турли хил мавзуларда семинар-тренинглар қай тарзда ўтказилишига оид масалаларга аниқ-равшан ва қатъий талаблар белгилаш вақти келди деб ҳисоблайман.

Гулруҳ Агзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+