Инсон ҳуқуқларини таъминлаш — бош мақсадимиз

29.09.2020 15:09:23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилидан нутқ сўзлагани халқимизни том маънода қувонтириб юборди. Бу чиндан ҳам тарихий воқеликдир. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида кўплаб долзарб масалаларга эътиборини қаратди. Жумладан, пандемия даврида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ёшлар сиёсати, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик, Глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммоси, Жаҳонда қашшоқликка қарши кураши каби масалаларга тўхталиб ўтди. Президентимиз нутқини тинглаган киши борки, бугун дунё тинчлиги ва тараққиёти учун бу вазифаларни амалга оширилиши нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини тушуниши қийин бўлмайди.

Мазкур нутқда халқимизни қувонтирган жиҳатлар кўп. Лекин улар орасида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни илгари сургани том маънода инсонпарварликнинг намунаси бўлди, дейиш мумкин. Шу ўринда бу нимани англатади, деган савол туғилиши табиий.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур таклифининг аҳамиятини тушуниш учун парламент роли юқори бўлган давлатларнинг тараққиётига бир назар ташлаш кифоя. Узоққа бормайлик, мамлакатимизда ҳам парламент фаолияти илгари вақтга нисбатан анча жонланган. Буни янги қабул қилинаётган қонунлар, соҳаларда парламент назоратини кучайиб бораётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.  Бугун депутат ва сенаторларимиз ҳар ойда 10 — 12 кун давомида муайян туманда бўлиб, одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришмоқда, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Парламент назоратининг мазкур таъсирчан механизми кўплаб муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш имконини бераяпти. Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди.

Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти, қуйи палатада ташкил этилган давлат бюджети бошқармаси бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш татбиқ қилинди. Бу ҳеч шубҳасиз, парламентнинг жамият ҳаётидаги ролини сифат жиҳатидан оширишга, жамият олдида турган муҳим муаммоларни ечишда парламентнинг иштирок этишига доир янги механизмларни ишга солишга, демократия ривожини янги даражага олиб чиқишни таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари нутқида ёшлар сиёсатига алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам ниҳоятда муҳимдир. Бу ҳақда гап кетганда, албатта келажак эгалари бўлган ёш аволдни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши, мамлакат тараққиётида ниҳоятда муҳим масалалардан эканлигини унутмаслигимиз лозим. Айни пайтда дунёдаги глобал муаммоларнинг замирида ўз вақтида ёшлар масаласига эътибор берилмаганлигини тушуниш мумкин. Айниқса, халқаро терроризм балосининг урчиб бораётгани ғаразли тўдалар ўз сафига ёшларни осонгина оғдириб олаётгани туфайлидир. Шу боис, ўз вақтида  ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор бериш ниҳоятда долзарб масалалардан ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқлари том  маънода тарихий воқеа бўлиб, нафақат Ватанимиз манфаати, халқимизнинг хуқуқ ва манфаатини таъминлашга, балки минтақада, дунёда адолат муҳитини яратишга, дўстона муносабатлар қарор топишига замин яратди.

Умид ШОУМАРОВ,

                                                             Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

 Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+