Инсонпарвар сиёсат ифодаси

09.09.2019 16:09:47

Мустақиллигимизнинг 28 йиллик шодиёналари республикамиз бўйлаб кўтаринки руҳда нишонланди. Президентимизнинг байрам муносабати билан йўллаган табригини бутун ўзбек халқи ўзгача ғурур ва ифтихор билан тингладик.

Унда ўтган йиллар давомида мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар, эришилган натижаларга назар ташланди. Истиқлол туфайли инсон қадр-қиммати жамиятимизда биринчи ўринга кўтарилди. Халқ манфаатларини рўёбга чиқариш, уни қонун доирасида ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасида кўтарилди. Бу борада суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан қатор қарор ва фармойишлар қабул қилиндики, уларнинг барчасида инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, манфаатларини қонун доирасида таъминлашга эришилаётгани билан аҳамиятлидир.

Айниқса,  мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилгани алоҳида эътироф этилди. Сўнгги уч йил ичида етти марта афв эълон қилиниб, 4 мингга яқин маҳбуслар жазони ўташ жойларидан озод этилди. Шунингдек,  мустақиллик байрами олдидан афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга давлатимиз раҳбари томонидан имзо чекилгани ҳам Ўзбекистон тарихида яна бир қувончли воқеадир. Унга кўра қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган 65 нафар фуқаро жазо муддатини ўтаётган чоғида афв этилди. Бу ҳам бўлса, юртимизда одамлар қадри улуғ эканлиги, инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодасидир, десам муболаға бўлмайди.

Шунингдек, маърузада давлатимиз раҳбари  томонидан олдимиздаги катта сиёсий воқеа - мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга жиддий ёндашилди. Бу жараён нафақат халқни, балки ёшларимизнинг ҳам орзу-истакларига  янги эшиклар очиш учун замин яратади. Ўсиб келаётган ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш борасидаги қатор вазифаларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу эса олдиндаги сайлов жараёнларида зиммамизга улкан масъулиятни юклаши билан муҳимдир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз экан, бу йўлда уларга кенг йўл очиб, ташаббус ва истеъдодларини рўёбга чиқариш олдимизда турган долзарб вазифадир.

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

 

 

.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+