Интернатда ҳайрия тадбири

10.10.2019 16:10:40

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан 2019 йил 9 октябрь куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида партиянинг “Саҳоват - беназир қадрият” лойиҳаси доирасида “Ёшлар бизнинг келажагимиз” мавзусида хайрия тадбири ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутатлари, партиянинг Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини оширишга ҳисса қўшиш, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида “Адолат” СДП ғояларининг мазмун-моҳиятини ёйиш, интернат тарбияланувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга эътибор қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси  Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берар экан, у ўз нутқида юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энг долзарб вазифалардан бири эканлигини яна бир бора таъкидлаб ўтди. Келажак авлодни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ҳар бир ўғил-қизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, фаоллилигини ошириш, уларни ҳам моддий ҳам маънавий рағбатлантириш, замонавий билимларга эга, ташаббускор ёшларимиз сафини кенгайтириш ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, бу йўлда етарли шарт-шароитларни яратиб бериш  муҳимлигига тўхталиб ўтди.

Каромат Ғофуржонова, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси:

-Ҳеч кимга сир эмас, дунёнинг энг ҳашаматли кошоналари, энг қимматбаҳо туҳфалари ҳам оила, ота-она меҳрини, эътиборининг ўрнини боса олмайди. Шундай бўлсада, интернатимиздаги ҳар бир ўғил-қизнинг кўнглига қарашга, улар билан самимий муносабатда бўлишга интиламиз. Албатта ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган, кўнгли ўксик болажонларнинг кўнглини кўтариш, уларга хурсандчилик улашиш, беғубор нигоҳларида қувонч нурларини кўришга эришишнинг ўзи катта бахт. Уларни билим олишлари ва  касб-ҳунар эгаллашлари учун етарли шароитларни яратиб беришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан интернатимизда мунтазам ҳайрия тадбирларини ташкил этиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш яхши йўлга қўйилган. Бу саҳоват ишлари фарзандларимизнинг маънавий ва руҳий ривожига фақатгина ижобий таъсир этади.  

Хайрия тадбири давомида партия фаоллари интернатда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиларни аниқлаб, муҳокама этдилар. Шунингдек, синф хоналари, дарс жараёнларини кузатиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатда бўлдилар. Бундан ташқари тарбияланувчилар учун дастурхон ёзилиб, ўғил-қизларимизнинг кундалик эҳтиёжлари учун зарурий буюмлар  совға қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+