Ислоҳотлар ижросида халқ вакилларининг ўрни қандай?

09.09.2020 11:09:14

“Адолат” СДП томонидан жойлардаги депутатлик гуруҳи аъзолари учун “Ислоҳотлар ижросида халқ вакилларининг ўрни” мавзусида Республика семинари бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойларда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, пандемия шароитида жойларда вужудга келган муаммоларнинг ечими юзасидан маҳаллий Кенгаш сессия ва доимий комиссияларига масалалар киритиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Онлайн тарзда бўлиб ўтган тадбирда сўнгги йилларда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрни мустаҳкамланиб борилаётгани қайд этилди. Жумладан, давлат идораларида жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини бошлади, фуқаролик жамияти институтларига субсидия ва грантлар учун ажратиладиган маблағ уч йил ичида қарийб уч бараварга оширилди, нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий грантларни олиши ва тадбирларни ўтказиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди. Барча муҳим қарорларни, шу жумладан, қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фақатгина жамоатчилик муҳокамасидан кейингина қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бунда айниқса Президентимизнинг парламентга мурожаатномасида жуда катта ўрин ажратилди. Яъни, жамоатчиликни ислоҳотларда ҳаракатлантирувчи кучга айлантириш Мурожаатноманинг бош ғояларидан бири бўлди. Эндиликда, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлиги аниқ белгиланиши қайд этилди.

Шуларни инобатга олган ҳолда жорий йилда Президент фармони билан Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Шу билан бирга жойларда халқ вакилларининг янада самарали фаолият юритиши учун бир қатор қонунларга ўзгартириш киритилмоқда. Яъни, ҳокимларнинг бир қатор ваколатларини маҳаллий кенгашларга олиб бериш ва кенгашлар ҳузурида котибиятларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Албатта, ушбу ҳаракатларни кенгашлар мустақиллигини таъминлаш йўлида олиб бораётган ҳаракатларимизда олдинга ташланган катта қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Йиғилишда таъкидланганидек, маҳаллий Кенгаш депутатларининг келгуси беш йилликда жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда, оммавий ахборот воситаларида билдирилган, ижтимоий аҳамиятга эга фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, кўтарилган савол ва муаммолар – буларнинг барчаси парламентдаги партия фракциялари учун келгуси беш йиллик фаолият дастурига айланиши лозим.

Бу борда “Адолат” СДП фракцияси томонидан келгуси фаолиятимиз учун ечимини кутаётган зарур вазифалар сифатида суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши кураш каби соҳларда бир қатор масалалар белгилаб олинган.

Йиғилишда жойлардаги депутатлар фаолиятига ҳам танқидий ёндошилди. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, жорий йил 1-ярим йиллигида маҳаллий Кенгаш сессияларига 79 та масала киритилди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
43 фоизга кам эканлиги таъкидланди. Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқиш учун доимий комиссияларга 183 та масала киритилди. Ушбу кўрсатгични ҳам қониқарли дея баҳолаб бўлмайди.

Фуқаро мурожаатларини ҳал этишнинг асосий воситаси бўлган депутатлик сўровлари институтидан фойдаланиш бўйича ҳам муаммолар етарлича. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 2020 та депутатлик сўровлари юборилиб уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал этилди. Афсуски қолган сўровларга шунчаки жавоблар йўлланган.

Йиғилиш якунида партия депутатларининг жорий йил учун белгиланган режаларни тўлиқ бажариш ва жойлардаги аҳоли муаммоларини депутатлик назорати институтидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш каби вазифалар белгилаб олинди.

"Адолат" СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+