Ислоҳотлар самараси йўлидаги раҳбарлар алмашинуви

22.01.2021 11:01:28

Инсоният тарихида макон ва замон танламайдиган энг олий мезонлардан бири, шубҳасиз, адолатдир. Зеро, адолат устувор бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, энг асосийси халқнинг орзу-истаклари рўёбга чиқади. Замонлар ўтса-да адолатли ва ўз халқига содиқ раҳбарлар фуқаролар хотирасида сақланиб қолади. Зероки, адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамиятда яшаш ҳар бир халқнинг асрий орзуси бўлиб келган.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг  янги босқичида халқ манфаатларини юқори даражага чиқариш, фуқаролар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам ўзининг ҳар бир чиқишларида аҳоли билан ҳамнафас ишлаш, уларнинг дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегияни амалга оширишда адолат тамойилига риоя қилиш долзарб масалалардан бири сифатида илгари сурилмоқда.

Юртбошимиз, у қайси мансаб ёки лавозимда бўлмасин, ҳар бир раҳбардан қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик баробарида, албатта, ўз халқига содиқлик, фидоийлик ва адолатли бўлишни талаб этаётгани ҳам бежиз эмас албатта. Жойлардаги маҳаллий раҳбарлар алмашинуви ҳам уларнинг айнан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги позицияси, шахсий тажрибаси каби мезонлар билан амалга оширилади. 

Хусусан, Жиззах вилоятида бўлган бошқарув соҳасидаги тайинловлар жумладан, вилоят ҳокимининг икки ўринбосари ва 5 та шаҳар ҳамда туманлар ҳокимларининг алмашганлиги фикримиз исботидир.

Жорий йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоев, вилоят ҳокими Эргаш Салиев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, секторлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар Фориш тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Мустанов Абдували Саидович Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Пудрат ва махсус монтаж ишлари бозорини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Назаров Бахром Амоновичлар тайинланди.

Шу билан биргаликда Жиззах шаҳар ҳокими лавозимига Холмуродов Комил Адҳамович,  Фориш туман ҳокими лавозимига Матиев Икром Синдорович, Зафаробод туман ҳокими лавозимига Раджапов Нодирбек Мухторович, Мирзачўл тумани ҳокими лавозимига Аҳмедов Шерзод Маликович ҳамда Янгиобод тумани ҳокими лавозимига Қаршибоев Иброхим Болтаевичлар тайинланди.

Ушбу ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада такомиллаштириш, фуқароларимизнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, шу билан биргаликда жойлардаги раҳбарларнинг халқ билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишдан иборат.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+