Истиқболдаги режалар белгилаб олинди

14.01.2020 12:01:16

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашида депутатлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашида олти нафар депутатдан иборат бўлган  депутатлик гуруҳи шаклланди ва вилоят Кенгашига сайланган депутат, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Қурязов гуруҳ раҳбари этиб сайланди.

Йиғилиш давомида гуруҳ жамоаси ўтган давр мобайнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиб, бу беш йилликда депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамжиҳатликда фаолиятни жадаллаштиришни мақсад қилишди.

Улуғбек Қурязов, вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари:

- Менга билдирилган ишончни албатта оқлайман. Жамоамиз билан ҳамжиҳатликда  ўтган йилдагиларга қараганда сайловчилар билан мулоқотни кўпроқ ташкил этиш ва уларнинг дарду-ташвишлари билан ҳамфикр бўлиш, муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини маслаҳатлашдик ва устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.

Шунингдек, депутатлик гуруҳи ҳамда депутатларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ёритилишига талаб кучайгани, бу эса ўз навбатида партиямизнинг обрў-эътиборини кенг омма орасида ошиб боришида ҳизмат қилиши ҳамда кейинги сайловларда партиямизнинг  ғолибликка эришишида муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида таъкидланди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларидан Шер Матяқубов, Равшан Отамуратов ва бошқалар ўтган беш йилдаги депутатлик тажрибаси тўғрисида фикр ва мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари ёш депутатларнинг билим ва кўникмаларини оширишда аҳамиятли бўлди.

Савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган йиғилишда истиқболдаги режалар белгилаб олинди ва гуруҳ  йиғилишларни тез-тез ташкил этиш ва амалга оширилган ишларни муҳокама этиб боришга келишилди.

Йиғилиш сўнгида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                                                                           Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                            Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+