Ижтимоий адолат — ижтимоий тенглик сари

02.03.2024 11:03:39

Жорий йилнинг 1 март куни пойтахтимизнинг муҳташам “Гранд Мир” меҳмонхонасида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” Республика жамоат бирлашмаси Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда 40 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини, уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловда номзод сифатида иштирок этиш кўникмаларини ошириш” масаласига бағишланган ўқув семинар-тренинги бўлиб ўтди.

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча даражадаги вакиллик органларида депутатлар сифатидаги вакиллигини ошириш масаласи хайрихоҳлари сифатида мамлакатимизда фаолият юритаётган нуфузли сиёсий партиялар, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) институти ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этдилар.

Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ногиронларнинг ижтимоий-сиёсий ва бошқа мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини кафолатлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ногиронлиги бўлган шахсларни Ўзбекистондаги парламент сайловларида номзод сифатида иштирок этиш кўникмаларига ўргатиш орқали қарорлар қабул қилиш жараёнида инклюзивлик ва хилма-хилликка кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тренингда, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан таклиф этилган ногиронлиги бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги нормалари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш, сайловчилар ва оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш ҳақида бир қанча билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.

“Имконияти чекланган инсонларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий соҳаларида бошқа барча фуқаролар сингари фаол иштирок этишларини таъминлаш, жамиятда уларни қийнаб келаётган муаммоларга тез ва самарали ечим топиш ва ҳаёт тарзини бошқалардан кам бўлмаган даражага кўтариш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бизнинг вазифамиз эса, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириш, ҳуқуқий билимларини ошириш, сиёсий фаоллигини шакллантиришга қаратилган.

Мен бир ҳуқуқшунос ва адолатли жамият тарафдори бўлган сиёсий партия раҳбари сифатида, имконияти чекланган инсонларининг сиёсий жараёнларда сайловчи, номзод, сайлов кампанияси ходими, кузатувчи, сиёсий номзод ёки сайланган раҳбар қаторида кўришни истайман.

“Адолат” СДП жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида ногиронлиги бор шахсларни мамлакатнинг барча тенг ҳуқуқли фуқаролари сингари, тенглик асосида фаолият юритишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”, — деди тадбирда иштирок этган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова.

Таъкидланганидек, 2021 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши, шунингдек, Ўзбекистон томонидан 2021 йил 7 июнда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ конвенциясининг ратификация қилиниши билан жамоат ташкилотлари фаолияти учун янги йўналиш ва имкониятлар очилмоқда. Ўтказилган мазкур семинар-тренинг “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги” қонунни ҳаётга кенг татбиқ этиш чора-тадбирларига қаратилганлиги билан ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, тадбир жараёнида “Адолат” СДП аъзоси бўлиш истагини билдирган юридик юридик фанлар доктори, профессор Омонбай Оқюловга партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова аъзолик гувоҳномасини топширди.

Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа доирасида, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 140 нафар ногиронлиги бор шахсларни барча даражадаги қонун чиқарувчи органлар депутатлигига номзод сифатида сайлов кампаниясида иштирок этиш кўникмаларига ўргатиш назарда тутилган.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+