Ижтимоий давлатни бунёд этиш — жаҳон социал-демократларининг устувор йўналиши

18.03.2024 11:03:08

Конституциянинг биринчи моддасида “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, - деб қайд этилган. Барча ўзбекистонликлар учун бу аҳамиятли банд. Бу бандда мамлакат аҳолисининг мақсадлари мужассамлашган.
Ижтимоий давлат – шундай давлат моделики, унда ҳар бир фуқаронинг сифатли ва муносиб турмуши учун моддий бойлик ва даромадлар ижтимоий адолат тамойили асосида тақсимланади, ижтимоий фарқлар йўқолиб боради. Бу давлат юқори иқтисодий ўсиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, кучли фуқаролик жамияти ва фаол ННТ, жамоат ташкилотлари, кўп ижтимоий дастурлар, фуқаро учун кучли ижтимоий ҳимоя ва ундан фойдаланиш кенг имконияти, айниқса соғлиқни сақлаш ва таълим тизимининг юқори сифатлилиги ва барча учун фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, ижтимоий соҳа учун бюджет даромадларининг катта қисми йўналтирилиши, ижтимоий хизматларнинг кўплиги, коррупция, ишсизлик ва қашшоқликка қарши самарали кураш билан тавсиф этилади. Бугунги кунда Финландия, Нидерландия, Канада, Швейцария, Бельгия каби мамлакатлар ижтимоий давлат сифатида тавсиф этилмоқда.
Ижтимоий давлат ғояси жаҳон социал-демократик партиялари дастурлари марказида туради.
Социал-демократия ғоялари халқимиз учун ёт, бегона мафкура эмас. Заминимизда социал-демократик ташкилотлар, социал-демократик матбуот 1905 йилда пайдо бўла бошлаган. Айниқса уларнинг фаолияти нафақат Тошкент ва Самарқандда, балки Чоржўй, Туркистон, Марв, Андижон, Марғилон ва Кушкада фаол эди.
Улар ўз дастурий ҳужжатларида ижтимоий давлат ғояларини илгари суриб келишган. Бироқ, 1917 йилдаги Россия Империясидаги февраль ва октябрь инқилоблари Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, ҳокимиятга келган коммунистлар бутун сиёсий ҳокимиятни монополлаштириб, бошқа сиёсий партияларни ҳокимиятдан четлаштириб юборишган ва 1990 йилгача якка сиёсий партия сифатида фаолият юритишган. Кўп партиявий тизим шакланиши билан посткоммунистик мамлакатларда, шу қаторда Ўзбекистонда ҳам социал-демократик йўналишдаги “Адолат” деб номланган сиёсий партия ташкил этилган (1995).
Бугун ушбу партия ҳам ўз дастурий ҳужжатларида ижтимоий давлат ғояларини илгари суриб келмоқда. Хусусан, партия Сайловолди дастури кириш қисмининг ўзида “Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли “ижтимоий давлат” сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш”, - дея қайд этилган.
“Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш – пировард мақсадимиз” шиорини илгари сураётган партия ушбу дастурнинг “Кучли ижтимоий сиёсат – халқ фаровонлигининг кафолати” бўлимида “... жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш” вазифаси белгиланган.
2023 йил 30 апрелда ташкил этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми якунларига асосан унда овоз берувчилар рўйхатига киритилганларнинг 84,51 фоизи иштирок этди ва уларнинг 90,21 фоизи “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?” деган масалага “Ҳа” деб ёқлаб овоз берди. Яъни референдумда иштирок этганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ижтимоий давлат ғоясини устувор деб билди ва уни танлади. Шундай экан, “Адолат” СДПнинг халқ олдидаги масъулият катта ва салмоқли. Бу жаҳон социал-демократларнинг тажрибасида бўлгани каби, партия Ўзбекистонда ижтимоий давлатни қуришда авангард кучга айланиши ва бутун дунё социал-демократлари қураётган ижтимоий давлатни мамлакатимизда бунёд этишда асосий кучга айланиши керак.

Сардор Дастиров,
“Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти
Тошкент вилояти кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+