Йил сарҳисоби – матбуот нигоҳида

05.02.2021 13:02:21

“Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан 2020 йил якуни бўйича навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди

Унда республика оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари, маҳаллий газета, журнал, телевидение ва радио вакиллари, шунингдек, блогерлар иштирок этдилар.

Қайд этилганидек,  ўтган 2020 йилда партия аъзолари сони  6600 нафарга оширилиб, жами аъзолар сони 38355 нафарга, бошланғич партия ташкилотлар сони 410 тага етди. Партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар, вилоят Кенгашига 11 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига 70 нафар депутатлар сайланган. Депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги доимий мулоқотни кучайтириш мақсадида барча депутатларнинг шахсий телеграм канали йўлга қўйилди. Бу эса депутатлар ва сайловчилар билан алоқаларни тизимли йўлга қўйилишида партиявий ғоя ва мақсадларни ҳаётга изчил татбиқ этилишида дастуруламал бўлганлиги эътироф этилди.

Айтиш жоизки, ҳозирда ушбу телеграм каналлари орқали фуқаролардан 1 минг 234 та мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг ҳар бири бўйича тегишли чора тадбирлар белгиланиб, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқариш орқали тизимли назорат ўрнатилганлиги таъкидланди. 

Чирчиқ шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан эҳтиёжманд, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 110 миллион ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. 

Шунингдек, вирус билан касалланганларни тўлиқ давлат таъминоти асосида даволаш, кам даромадли оилаларни янада қийин аҳволга тушиб қолишдан асраш бўйича “Темир дафтар” асосида манзилли ёрдамлар  кўрсатилди.

“Сардоба сари саховат карвони” лойиҳаси доирасида сардобалик ҳамюртларимизга саҳоват қўлларини чўзиш мақсадида “хайрия штаби” ташкил этилди. Йиғилган хайрия маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмларидан иборат саховат транспорти етказилди.

Тошкент вилояти ва туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига 5 та масала,  доимий комиссияларида 3 та масала муҳокама қилинди ҳамда  14 та мансабдор шахс ахборотлари  эшитилди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари томонидан чиқарилган депутатлик сўровлари сони 173 тани ташкил этди.

Шунга қарамай жойларда ўтказилган тадбирларнинг барчаси ҳам юксак савияда ташкиллаштирилмаган. Хусусан, Пискент, Юқори Чирчиқ  Оҳангарон тумани  Кенгашларининг бу борадаги фаолияти талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Анжуманда шу ва яна бошқа кўплаб масалалар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+