Йўллардаги ўйлар

18.12.2020 19:12:09

 

Гоҳида иш юзасидан ёки бирор бир сабаб билан узоқ-яқин йўл юришингизга тўғри келади. Ана шунда ҳар томонлама қулай бўлган замонавий автомашиналар ёрдамида гўё қанот чиқарган қушдек манзилга осонгина етиб оласиз. Аммо йўлларда баъзи дилхираликлар учрайдики, киши ёдида ёқимсиз ҳолатлар билан муҳрланиб қолади. Айтайлик, кутилмаганда йўл транспорт ҳодисаси рўй берганининг устидан чиқиб қоласиз. Ана шунда кўнгилингиздан «Эхтиёт бўлиб ҳайдаса бўлмайдими, қаёққа шошаркин», - деган ўй келади. Дарҳақиқат, шошиб қаергача борардик? Барчамизнинг борадиган жойимиз бир бўлса...

Аввало, инсон автомобил бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олдими, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиши зарур. У бу билан нафақат ўз ҳаётини, балки ўзгалар ҳаётини ҳам асраган бўлади. Бугунги кунда номигагина ўқиб автомобил ҳайдаш ҳуқуқи бўйича гувоҳнома олаётганларнинг аксарияти йўл қоидаларини қўпол равишда бузишмоқда.

Йўлларда учраши мумкин бўлган ҳар қандай хатардан қўрқмай, тезликни ҳаддан ташқари ошириб ҳайдайдиган, фақат родарлар учрагандагина тезликни пасайтириб, ЙПҲ ходимлари дуч келгандагина  камар тақадиганлар сабаб ҳам бу кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез учрамоқда. Энг ачинарлиси, бунинг натижасида қанчадан қанча инсонлар бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлишяпти. Яна эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлардан бири йўлларда ҳайдовчиларнинг автомобил бошқариш маданиятининг жуда пастлигидир. Йўл бермасдан ҳар хил бўлмағур сўзларни ишлатиб, бир-бирларини ҳақорат қилиш даражасигача етадиганларнинг орамизда кўплаб урчиётганлиги энг оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Бундай маданиятсизлик қаердан келиб чиқяпти? Нега бунга йўл қўйиб беряпмиз? Носоғлом оила муҳитида тарбия топган ёки бу борада кўр-кўрона ўзгаларга эргашганлар қилмиши сабабчидир балки барчасига ... 

Яхшики, бугунги замонавий технологиялар сабаб ҳар қандай қоидабузарнинг қилмишига тезда аниқлик киритилмоқда. Шунга мувофиқ жазо чоралари кўриляпти. Бироқ айрим “уддабурон”лар ҳар қандай ҳолатнинг йўлини топиб ўзбилармонликдан қолаётани йўқ. Биз Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқ нормаларига кўра ундан ҳаётимизда кенг фойдаланамиз. Лекин ўз ҳуқуқларимиздан фойдаланяпмиз деб ўзгалар ҳуқуқини поймол қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Шу боис, меъёрни унутмаган ҳолда ўз ҳатти-ҳаракатларимизни идора этишни ўрганайлик.

 

Ҳусниддин ЭРГАШЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+