Камбағаллик айб эмас, аммо...

11.06.2020 09:06:24

Оиламиз катта – дадам, ойим ва 8 фарзанддан иборат эди. Отам мироб эди, онам жамоа хўжалигида ишлаган. Болалари кўпайганидан сўнг, ноилож уй бекасига айланиб қолганди. Дадам келажагимизни ўйлаб, яшаётган уйимизни кенгайтириб, фарзандларини уйли-жойли қилиш ниятида иморат қурди. Янги уйни битказгунча, кўп қарз олишига ҳам тўғри келди. Иккинчи томондан, оиламиз пулга муҳтож бўлиб, камбағаллашиб қолди. Шунда қарзни вақтинча узишга (у вақтлар кредит олиш имкониятлари қаёқда!) ҳам иложи бўлмай, яшаб турган уйимизни сотувга қўйди. Аксига олиб, уйга харидор ҳам топилмади.

Бу оғир вазиятдан чиқиш учун ота-онам тадбиркорона йўл тутишди. Яъни, қишлоғимиздан 30 км. наридаги қишлоқ аҳолисининг подасини (мол ва қўйлар) баҳордан кузга қадар оилавий боқиб бердик. Ҳар бир бош мол ва қўй-эчки учун ойма-ой тўланган пуллар ҳамда ёз давомида ўтин-тезак, нўхат ва буғдойзордан  “машоқ” териб, жўжалар сотиб олиб каттайтирдик ва 5 ой ичида мўмай даромад тўплаб, қарзлардан қутулдик. Бундан ташқари, бир омборни тўлатадиган буғдой, қоп-қоп нўхат билан уйимизга қайтдик. Бизнинг энг катта ютуғимиз, бу ишни “қора меҳнат” деб ўтирмай (чунки, подачиликка “қора иш” деб, паст назар билан қарашар эди), камбағалчиликдан қутулиб чиқиб кетдик. Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, дадам оғир касаллик туфайли оламдан ўтди. Онам 7 фарзанд билан (акам ўша пайтда Самарқандда институтда ўқиётган эди) қолди. Энг кичик укам ҳали ёшига ҳам тўлмаган эди. Шунда ойим тушкунликка тушиб қолмасдан, уддабуронлик, тадбиркорлик билан йўл тутиб, бизни оч-наҳор қолдирмай, вояга етказди, устимизни бутлади. Қурт боқиб, ҳовлимиздаги боғда мева-сабзавот етиштириб, сигиримизнинг сутини сотиб, шаҳардан кийим-кечаклар олиб келиб сотиб, болаларини бировга хор-зор қилмай, барча эҳтиёжларимизни таъминлаб берди. Ўша вақтларда мен 9-синфда ўқирдим, ойимга ёрдам бериб, қуртларга барг етказиб турдим. Қолаверса, уй қураётганлар учун ғишт қуйдим. Таътил кунларида далага чиқиб, кетмон чопдим. Менга бригада даласи чекасидан 10 сотих ер ажратилиб, картошка экишим учун ерни ҳайдаб, минерал ўғитлар билан ёрдам беришди.  Картошкани ёз давомида парваришлаб, яхши ҳосил олиб, мўмай даромадга эга бўлдим. Ота-онам болалигимиздан бизга ўқиб, билимли инсонлар бўлишимиз кераклигини уқтиришарди. Ойим оиламиз камбағал бўлишига қарамай, барчамизни тўлиқ Самарқанд, Тошкент шаҳарларида ўқишимизга шароит яратиб берди. Ўзимиз ҳам унга ёрдам бўлсин деб, кечаси заводда, ўқиш давомида, амалиётда бажарган ишларимизда ҳам пул топиб, ўзимизни эплаб, яхши ўқиб, олий маълумотли бўлдик. Мана, ҳозир оиламиздан 2 фан доктори, профессорлар, 3 фан номзоди етишиб чиқди ва халқимизга хизмат қилиб келмоқдамиз.

Дарвоқе, халқимиз орасида “Камбағаллик айб эмас”, деган гап бор. Қолаверса, қўликалталик ҳеч кимга ҳавас эмаслиги ҳам барчага кундек равшан. Бироқ, унутмаслик керакки, камбағаллик биргина ўша оиланинг муаммоси бўлибгина қолмай, балки у миллатнинг соғлиғи, меҳнатга лаёқати ва илмий салоҳиятига путур етказади. Шу сабабдан, юртимизда камбағаллик муаммосини бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сир эмаски, юртимизда камбағаллик кўп йиллар давомида “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Бу бўйича илк бор Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Президентимиз куюнчаклик билан таъкидладики, биз шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олдик. Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг камида 4-5 фоизи камбағал экани, энди яшириш керак эмаслиги, оғир шароитларда яшаётган одамларимизнинг асл муаммоси, вазиятини тушуниш, барча тоифадаги раҳбарлар, фуқаролар дунёқарашимизни ўзгартиришимиз лозимлигини уқтирди давлат раҳбари.

Хўш камбағалликни қандай қилиб камайтириш мумкин? Бунинг учун қандай чоралар кўриш керак? Президентимиз раислигида жорий йилнинг 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари: “Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, камбағалликни вужудга келтирадиган омиллардан бири шубҳасиз, ишсизликдир. Шу маънода, камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули аҳоли бандлиги даражасини ошириш ҳисобланади. Бунда одамлар учун муносиб иш ўринларини яратиб бериш кўзланган  мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этади.  Бунинг учун қишлоқ жойларда тадбиркорлик учун шарт-шароитлар, бизнес учун қулай муҳит яратиш керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, камбағалликни камайтириш — бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий, ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир. Биргина мисол. Бир неча йиллар олдин, касаба уюшмаларида фаолият юритган кезларимда Янгийўл туманидаги Ниёзбош қишлоғини тажриба тариқасида ўрганганмиз. Қишлоқ аҳолиси ниҳоятда ишни кўзини биладиган, тадбиркор, деярли барчаси ўзига тўқ яшашарди. “Бунга қандай эришишган, бу ерда камбағаллар ҳам бормикан”, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилганмиз. Ўша кезлар қишлоқ раиси бизга 4 тагина эҳтиёжманд оила борлигини айтди. Мазкур оилалар билан яқиндан танишганимизда оиланинг иқтисодий томондан оқсаб қолишининг асосий сабабларидан бири хонадон аъзоларининг ҳеч бири иш ўрнига эга эмаслиги аён бўлди. Бугунги кунда ижтимоий тенгсизликнинг энг очиқ маълумот индикатори “Джинни индекси” ҳисобланади. У мамлакат фуқаролари ўртасида даромад қанчалик тенг тақсимланаётганини кўрсатиб беради. Тенгсизликни қисқартириш керак. Бундан ташқари, ижтимоий ёрдамни манзилли қилиш, ишсизлик билан курашиш даркор. Ўзини бой деб ҳисоблаганларни муҳим давлат масалаларини ҳал этишга, жумладан, мамлакатда ижтимоий объектлар қурилиши ва ободонлаштириш, муҳтожларга хайр-саховат кўрсатиш кабиларга жалб этиш лозим. Бу андоза ҳаммага илгаридан маълум, лекин ҳаётга жорий қилиш бир қадар осон кечмаслиги ҳам турган гап.

Шунингдек, аҳолининг даромад даражаси ўсиб бориши учун комплекс чораларни амалга ошириш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва юқори маош тўланадиган иш жойларини яратиш керак. Қолаверса, инфляцияга қарши чоралар ва даромадларни индекслаш йўли билан аҳолининг реал даромади турғунлигини сақлаб туриш ва ишбай (прогрессив) солиқни жорий этиш ҳамда меҳнати учун энг кам иш ҳақини қайта кўриб чиқиш,  яшаш минимуми ва истеъмол саватининг миқдорини талаб даражасига кўтариш керак. Зеро, бу таклифлар камбағалликни қисқартириш, оилалар фаровонлигини ошириш борасидаги ҳаётбахш ислоҳотлар, кўламли саъй-ҳаракатлар йўлида муҳим омил бўлишидан умидвормиз.

 

Камолжон ШОДИМЕТОВ,

Халқаро Экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  фаоли 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+