Камчиликларни ҳамжиҳатликда бартараф этамиз

25.10.2019 20:10:45

Урганч Туризм ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашининг  беш йиллик ҳисобот-сайлов Конференция йиғилиши бўлиб ўтди.   

Йиғилишга туман, шаҳар Кенгашлари Конференцияларидан сайланган делегатлар билан бир қаторда партия фаоллари, депутатлари ҳамкор ташкилот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

X Конференция кун тартибида  “Ўзбекистон  “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгашининг  ҳисобот даврида партиянинг “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони,  адолат-ҳар бир инсон учун”  деб номланган сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти”, “Кенгаш раисини сайлаш”, “Партиянинг янги таҳрирдаги  Устави ва Дастури лойиҳаси” ҳамда “Ўзбекистон “Адолат” СДП Қурултойига делегатлар сайлаш”  тўғрисида масалалар муҳокама этилди.

Йиғилишда Хоразм вилоят Кенгаши  раиси Тохир Палвановнинг вилоят Кенгашининг беш йиллик  фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидлаганидек, айни пайтда вилоят Кенгашида 33 минг 506  нафар аъзо мавжуд бўлиб,  шулардан 9 минг 771 нафари аёллар, 17 минг 218 нафарини ёшлар ташкил этади.  Партия аъзолари 263 та бошланғич партия ташкилотига бирлашиб, турли соҳаларда фаолият олиб боришмоқда. 

Ҳисобот даврида партиянинг депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан тегишли сессиялар йиғилишига  54 марта муаммолар олиб чиқилган. 67 марта масабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилган, 32 та масала тегишли доимий комиссиялар муҳокамасига киритилган.   

Партиянинг  “Адолат-қонун устуворлигида!”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида!”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик!”,  “Куч –адолатда!”, “Саховат - беназир қадрият!” каби 30 га яқин лойиҳалар доирасида ҳудудий Кенгашлар қошида ишчи гуруҳлар тузилиб, ўрганишлар натижаси вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари  сессия йиғилишларида  муҳокама этилди ва йиғилиш қарори билан амалиётга йўналтирилди.   

Йиғилишда ижобий ишлар билан бир қаторда хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан,  суст фаолият олиб бораётган Гурлан, Хива туман Кенгашлари ва Урганч Темир йўл шоҳ бекатидаги, Урганч туман “Боқайлар” МФЙдаги, Гурлан туман “Бирлашган” МФЙдаги, Хива туман “Полосултон” МФЙдаги  бошланғич партия ташкилотларининг фаолияти танқидий таҳлил этилди ҳамда йўл қўйилган муаммоларни бартараф этиб,  сайловларда бошланғич партия ташкилотлар фаоллигини оширишга   қаратилган фикр ва мулоҳазалар  ўртага ташланди.

Музакорага  чиққанлар  томонидан  вилоят Кенгаши фаолияти  “қониқарли” баҳоланди. 

Юлдуз Жуманиёзова,  партиянинг Шовот туман Кенгаши раиси:

-Бўлиб ўтган Конференция йиғилиши барча депутатлар ва ҳамкасбларим қатори менинг ҳам зиммамга улкан масъулият юклади. Партия фаолиятида эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Жумладан,  мансабдор шахсларнинг эшитуви, доимий комиссиялар муҳокамасига киритилган масалалар, вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари сессия йиғилишларига  муаммоларни олиб чиқиш кўрсаткичлари талаб доирасида эмаслиги танқид остига олинди. Фаолиятимни янги бошлаганимга қарамай айтилганлардан танқидий хулоса чиқариб, ижобий натижага эришишни ўз олдимга мақсад қилдим.  

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан партиянинг  сайловолди дастур ва Устави лойиҳаларининг  мазмун ва моҳияти муҳокамасига қаратилган  чора-тадбирлар таҳлил этилди.

Конференция давомида Кенгаш таркиби қайтадан ташкил этилди, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қурултойига муносиб делегатлар сайланди ва партия вилоят Кенгаши номидан фаол иштирок этиш масъулияти юклатилди. 

Майсара Худайберганова, Боғот туман Кенгаши депутати, Конференция делегати:

-Бу галги Конференция йиғилиши ҳар қачонгидан ҳам самарали ташкил этилди. Вилоят Кенгаши раисининг 5 йиллик ҳисоботидаги таҳлилларга кўра партиямиз фаолияти илгарилаб бораётганига амин бўлдик. Эътироф этилган ютуқлардан ғурурландик. Қайд этилган камчиликларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга келишдик. Айниқса, партия Қурултойига делегатликка муносиб кўрилганим менга катта масъулият юклади. Келгусида партиянинг мақсад ва вазифаларини бажаришда ҳамда партиянинг Қурултой йиғилишида фаол иштирок этишга бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.

Йиғилишда сиёсий жараёнларда фаолликни қўлдан бермай, фаолиятни олиб боришга келишилди. Партиянинг жонкуяр аъзолари вилоят Кенгашининг  ташаккурномаси билан тақдирландилар.

Конференция сўнгида кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.  

                                                                                                         Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                           Ўзбекистон “Адолат” СДП,

                                                                           Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+