Карантин талабларини бузиш ўзгалар ҳаёти хавфсизлигига дахл қилишдай гап

01.04.2020 10:04:14

Мамлакатимизда коронавирус касаллиги муносабати билан жорий қилинган карантин даврида фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда энг кўп юкламалар тиббиёт ходимлари зиммасига тушаётганига барчамиз гувоҳмиз. 2020 йил 26 март куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йигилишида кеча ва кундуз тинимсиз жонбозлик қилаётган соҳа вакилларининг меҳнати алоҳида эътироф этилди. Президентимиз ўз соғлиғи ва ҳаётини гаров остига қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар ва санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 март кунги қарори билан тиббиёт ходимларининг қўллаб-қувватланиши тизимда меҳнат қилаётган ходимларга янада куч-қувват бағишлаб, кўринмас офат билан курашишида мадад бўлди. Карантин амал қиладиган муддатда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотга киришидаган, зарарланган баморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари бериладиган бўлди.

Мамлакатимизда коронавирусга қарши барча чоралар кўрилмоқда. Аммо карантин даврида фуқароларимиз томонидан талаб қилинаётган иложи борича уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида ниқоб тақиш бўйича тавсияларга амал қилмаслик ҳолатларининг учраб тургани ачинарлидир. Бу, аввало, уларнинг ўзига ва яқинларига, қолаверса, бутун халқимизга хиёнат эмасми? Бефарқлик, беписандлик, қонунбузиш эмасми? Бундай инсонлар қонун олдида жавоб беради, албатта. Аммо, бундай хатти-ҳаракати орқали бошқаларнинг ҳаёти хавфсизлигига дахл қилиш, ҳатто, зомин бўлиши мумкин.

Ҳурматли юртдошлар! Халқимизнинг омонлиги учун, коронавирусга қарши кўрилаётган чораларга, қонунларга, тавсияларга амал қилиб, кўринмас офатга қарши курашда жонбозлик кўрсатайлик! Ушбу жараёнга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+