Китоб – ҳар бир ютуқнинг негизи

09.09.2019 15:09:33

Ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларнинг ҳар соҳада фаоллигини таъминлаш барчамизнинг олдимизда турган муҳим вазифадир. Айниқса, уларни китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш эса масъулият ҳиссини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қоракўл туман Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгаши депутати Раъно Шукрулаева айни мана шу масъулиятни ҳис этган ҳолда китобхонлик тарғиботига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Куни кеча депутат иштирокида тумандаги 27-умумтаълим мактабида “Китоб – билим манбаи” номи остида учрашув ташкил этилди. Унда партия ходимлари, фаоллар, депутатлар, мактаб жамоаси ва ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Депутат мактаб жамоасини янги ўқув йили билан табриклар экан, келажакда етук мутахассис-кадр бўлиб етишиб чиқишларини тилаб қолди.

Албатта, суҳбатлар давомида бугунги кунда таълим тизимида яратилаётган имкониятлар, янгиликлар, ютуқлар тўғрисида ҳам таъкидлашди, шунингдек, ҳар бир ютуқнинг асосий негизи китоб эканлигини ҳам алоҳида эътироф этишди. Ўқувчи-ёшларнинг вақтдан унумли фойдаланишлари ҳамда доим ўқиб, изланишлари мақсадида депутат Раъно Шукрулаева томонидан уларга элликка яқин ўзбек ва жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари совға қилинди.

-Депутат билан бўлган мулоқот ёшларнинг келажакка нисбатан дунёқарашини шакллантиришда хизмат қилса, ажойиб туҳфаси эса уларнинг бўш вақтидан самарали фойдаланишида кўмакдош бўлди. Бу барчамиз учун қадрли ва қимматли совғадир. Энди кутубхонамиздаги китоблар сони мингдан ошди десам, адашмаган бўламан, - дейди мактаб директори Исомиддин Бозорқулов.

Депутатнинг туҳфаси сабаб байрам байрамларга уланди, мактаб жамоаси қувончига қувонч қўшилди. Барча ўқитувчи ва ўқувчилар депутат ва партия ташаббусига ўзининг миннатдорчилигини билдирди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+