Китоб – мўжиза, мутолаа – туганмас завқ

01.02.2021 11:02:55

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти ташаббуси билан партиянинг Оққўрғон тумани Кенгаши, Халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгаши депутати Алишер Қурбонов, туман халқ таълими бўлими, туман маданият бўлими, туман Ёшлар агентлиги,  Ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамда  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорликда тумандаги 38-умумтаълим мактабида “Ёш китобхонлар” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар ўзаро беллашишди.

Иштирокчилар ўзбек адабиёти ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналаридан қанчалик баҳраманд эканликларини намойиш этишди.

Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсларда 11-мактаб ўқувчиси Камрон Файзуллаев, 45-мактаб ўқувчиси Жавлонбек Мирзаёқубов ва Чирчиқ давлат педагогика инситути талабаси Матлуба Рахмонбердиевалар ғолиб деб топилиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Маънавиятимизнинг юксалиши, онг ва савия даражамизнинг кўтарилиши ҳамда руҳий оламимизнинг камолга етиши айни китоб мутолааси жараёни билан боғлиқдир, – дейди  мактаб ўқитувчиси Абдулла Рисов. –  Китоб тўғри йўлга бошловчи, ҳамиша билимларимизни бойитувчи хазина, содиқ дўст, ҳамроҳдир.

Бугунги глобаллашув жараёнида инсонни ўз атрофига оҳанрабодек тортадиган кучлар бисёр. Инсоният ақл-тафаккурининг маҳсули бўлган ахборот коммуникация технологиялари айни кунда бизнинг яқин ҳамроҳимизга айланган. Ўзимизга керакли бўлган ахборотни, маълумотни бир лаҳзада қўлга киритиш имконияти мавжуд. Ҳатто электрон дарсликлар, адабиётларни ҳеч иккиланмай интернет тармоғидан олиб ўқишимиз мумкин. Аммо улар китоб мутолаасининг ўрнини ҳеч қачон боса олмайди. Айниқса, бадиий адабиётни мутолаа қиларканмиз, ундан оладиган лаззатнинг гашти ўзгача бўлади. Ана шу мўжизани – китоб завқини фарзандларимиз онгига сингдириш мақсадида Республикамиз миқёсида китобхонлик тадбирлари, китоб ярмаркалари, турли кўрик-танловлар ташкил этилаётир.

Тадбир сўнггида ғолиблар партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+