Кластер -  манфаатдорлик омили

17.02.2021 15:02:50

Давлатимиз раҳбари  агрокластерларга мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг келажаги сифатида қарамоқда. Бу бежиз эмас. Аграр соҳа қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади, халқимиз фаровонлиги юксалади. Эътироф этиш жоиз, давлатимиз раҳбари ғояси асосида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлашнинг занжирли усулига асосланган кластер тизими пайдо бўлди. Хўш, бунинг аҳамияти нимада?

Бунда соҳанинг қонунчилик пойдевори яратилиб, такомиллаштириб борилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этяпти, албатта. Зеро, шу асосда тармоқда фаолият юритаётган барча инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла кафолатланмоқда, кластерлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай агробизнес муҳити яратиляпти.

Экспертларнинг таъкидлашича, кластерларни шакллантиришдан мақсад — шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ҳамда улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, муҳандислик, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштиришдир. Шу асосда инновацион ишлаб чиқариш ташкил этилади ва рақобатбардош товарлар яратишнинг яхлит платформаси юзага келади.

Тошкент вилоятида турли йўналишларга ихтисослашган 100 яқин  кластер фаолият юритяпти. Ўтган йили вилоятда етиштирилган пахта хом ашёсининг 45 фоизи 7 та пахтачилик-тўқимачилик кластери ҳиссасига тўғри келгани, ҳосилдорлик 2019 йилдагига нисбатан бир ярим баробар ошгани алоҳида эътиборга моликдир.

Аммо бугунги кунда бу ишларни тизимли йўлга қўйишда айрим муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, ўтказилган таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш учун ер майдонларидан фойдаланишда юзага келаётган асосий муаммолар сифатида қуйидагилар учрамоқда:

- замонавий, энг илғор технологияларни жорий қилишда халқаро тажрибани ўрганиш ва олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўрсаткичларининг пастлиги;

- молиявий ресурсларнинг етишмаслиги;

- юқори ҳосил берувчи навларни яратиш ва уруғчилик йўналишларида маҳсулот етиштирувчилар билан ҳамкорликдаги узилишлар ва шу каби муаммолар.

Албатта, бу масалаларни ҳал этиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига олимларнинг тавсиялари, ўтказилаётган кўргазмалар, тижорат банклари кредитлари сезиларли самара бериши билан бирга кутилган натижаларга эришиш кечикмоқда.

Бунинг учун тезкорлик билан қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш шаклларини замонавийлаштириш ва диверсификация қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Мақсадимиз эзгу экан, барча ишларимизни мавжуд қонун талаблари доирасида амалга оширсак ва тарғибот, тушунтириш ишларини тўғри ташкил қилсак, албатта, иқтисодиётимиз ҳам, аҳолимизнинг ижтимоий-маиший шароитлари ҳам юксалади. Шу боис кластерлар бўйича ижтимоий тармоқларда чуқур таҳлилларга асосланмаган, билдирилаётган турли хил танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган асосий вазифа, кластерлар фаолиятини ривожлантириш учун адолат меъзонларига асосланган қонунларни қабул қилиш ва уни амалиётга тадбиқ қилиш давр талабидир.

Бунда кластерларга ер участкаларини бириктириш, фермерлар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар, инвестиция киритиш, иш ўринларини яратиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экспорт, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш жараёнларини қамраб олиш ва бошқа жараёнларни тартибга солувчи адолатли ва қатъий талаблар белгиланиши лозим.

Сабаби, кластер тизими – бу манфаатдорлик. 

Дарҳақиқат, бугун ҳаётнинг ўзи янги инновацион усул – кластер тизимининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий афзалликлари кўплигини намоён этмоқда. Энг аввало, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатдорлиги кафолатланаётганини таъкидлаш жоиз. Қолаверса, тизим орқали “мавсумий ишчи” тушунчасига барҳам берилаётгани унинг аҳамиятли жиҳатларидан, дейиш мумкин. Чунки бугун кузатадиган бўлсак, биргина пахта-тўқимачилик кластерида бу тушунчага буткул барҳам берилмоқда. Кластерларда одамларнинг йил – 12 ой бандлиги таъминланяпти. Улар худди завод ва фабрикалар ишчиларидек, доимий иш ўринларига эга бўлиб, ойлик маош олишяпти. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш натижасида уларнинг янада фаровон яшашларига қулай шарт-шароит яратмоқда.

Эсласак, бир пайтлар фермерлар орасида ер сотиш, экин майдонидан пул эвазига томорқа учун жой ажратиш каби ишлар билан машғул бўлганлар ҳам учради. Ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига эса етарли эътибор берилмади.

Пахтани фақат экспорт қилиб, эвазига ўн баробар кам даромад олардик. Унумдор ер, тўкин сув бўла туриб, ҳосилдорлик ва рентабиллик пасайиб бораверди.

Бугун ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга алоҳида урғу берилмоқда. Пахта майдони ёнида енгил конструкцияли фабрикалар барпо этиляпти. Ҳосил шу ернинг ўзида толага айлантирилиб, ундан тайёр кийим-кечак олинмоқда. Ёки кластер қошидаги мини ёғ заводларида ёғ, совун ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Бир сўз билан айтганда, ҳозир аграр соҳа янги инновацион лойиҳалар асосида  ривожланиш палласига ўтди.

Буни қайси жиҳатларда кўриш мумкин?

Гап шундаки, пахта толаси қишлоқ хўжалигида тайёрланадиган ялпи маҳсулотнинг деярли ярмини ташкил этади. Лекин, кейинги таҳлиллар пахтачиликда ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини исботлаб берди.

Албатта, янги ислоҳотларни бошлаш ва пахта ҳосилдорлигини ошириш чораларини кўриш, арзон гаровга хом ашё сотгандан кўра, уни қайта ишлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин  эди. Айни пайтда кўзланган натижага эришилмоқда.

Мухатсар қилиб айтганда, кластер тизими – бу манфаатдорлик, соҳага илм-фан ва инновациянинг кириб келиши демакдир. Дарҳақиқат, кластер халққа  манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти

Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+