Кўча ёзувлари хатоларга тўлиб кетди

29.09.2020 10:09:33

Тил инсониятга берилган энг буюк неъматлардан бири. Алишер Навоий ҳазратлари тўғри таъкидлаганидек, сўздек гавҳари шарифроқ йўқ. Жорий йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлади. Бу давр ичида тилимиз букилган қаддини яна тиклаб олди, унда битилган нодир асарлар нашр қилинди, тилимиз дунёга бўй чўза бошлади. Энг асосийси, ўзбек тилида гапириш, мус­тақил фикрлаш ва бундан фахрланиш туйғуси – дахлдорлик шаклланди. Аммо мамлакатимизда хорижий тил­ларга эътибор жуда кучайиб боргани сайин одамлар ўз тили қолиб бошқа тилларни ўрганишга қаттиқ бел боғладилар шекилли, қаерга борманг ажнабий сўзларни эшитишга қулоғимиз, имло қоидаларига бўйсунмаган ёки чет тилда ёзилган ёзувларни кўришга кўзимиз кўникиб қолди. Она тилимизга эътибор сусайиб кетгани ҳақида қанчадан-қанча ­мақолалар ёзилди, ҳозир ҳам ёзилмоқда, бундан кейин ҳам ёзилади. Чунки тилимизнинг бугунги аҳволи шунга муҳтож.

Ҳар куни кўчага чиқар эканмиз, янгидан-янги бунёд этилаётган бинолар, боғ ва хиёбонлар инсонга ҳуш кайфият бағишлайди. Ана шундай пайтларда бир нарса инсоннинг ғашини келтиради. У ҳам бўлса, хорижий тил (айниқса, рус ва инглиз тиллари)да ёзилган пешлавҳа, реклама, эълонлар ва бу ёзувлардаги имловий хатолардир. Кундан-кунга замонавийлашиб, чирой очиб бораётган кўчаларда ўзбек тилида ва тўғри ёзилган матнларни учратиш мушкул бўлиб қолди.

Кўчалардаги эълонларда «Гиждуван шашликлари», ёнида эса «Самса с мясом, с картошком» сўзларини катта ҳарфларда ёзиб, илиб қўйишибди. Шунингдек, «Гузаллик салони Камила», «Фотосалон Элдар» каби пешлавҳалар. На она тилимизда ва на рус тилида тўғри ёзилмаган жумлалар. Реклама воситаларига кирмайдиган бошқа турдаги ташқи ёзувлар, эълонлар ва номларда ҳам имловий хатолар учраб туради. Қолаверса, жуда кўп жойларда янги ташкил этилаётган корхона, ташкилот, ошхона ёки ишлаб чиқариш ҳудудлари пештоқларида “Мы открылись” ёхуд “Биз очилдик” каби кўплаб ёзувларга дуч келамиз. Гарчи “Биз иш фаолиятмизни бошладик”, “Биз ишга тушдик” каби ёзувларни ёзса ҳам бўлади-ку! Бу каби пала-партиш ва хато ёзувлардан истаганча мисол келтириш мумкин. Бунинг сабаби ҳар бир хусусий тадбиркор “ўзи хон кўланкаси майдон” қабилида иш юритиб, хоҳлаган ишини қилиши мумкин, деб ўйласа керак.

Тўғри, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан якка тартибдаги тадбиркорликка кенг йўл очиб берилган. Жумладан шаҳримиздаги фуқароларнинг жуда кўпчилиги тадбиркорликнинг турли хил йўналишлари бўйича фаолият юритиб, ўзларининг саъй-ҳаракатларига яраша даромадга эга бўлиб, рўзғор тебратаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, бу каби якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам кўрсатилган камчилик ва хатоларни ўз вақтида тузатишга масъул эканликларини яна бир бор эслатиш,  бу каби хатоларни тўғирлаш учун тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарур.

Ўзбек тилини бойитиш мақсадида илмий-техник ва ижтимоий-сиёсий атамаларни ўзлаштиришда ноаниқликка йўл қўйилаётир. Шу боис, ташқи ёзувларни ўзбек адабий тили қоидаларига риоя этилган ҳолда расмийлаштириш алоҳида эътиборни талаб этмоқда.

Юқоридаги каби ҳолатларга қабул ­қилинган қонун ва қарорлардаги камчиликлар ҳам сабаб бўлаяпти. Чунки 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида ёзилишича, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”. Шунинг учун ҳам бизда исталганча ажнабий тилда реклама бериш, исталган тилда ном қўйиш авж олган.

Хўш, бу муаммони қандай ҳал этиш мумкин? Агар хорижий тиллардаги сўзлардан фойдаланишга маълум бир чеклов қўйилса, ўз она тилимиздаги сўзлардан фойдаланиш бирмунча кучайиши турган гап. Қолаверса, бу каби муаммоларни бартараф этишда фуқароларнинг фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар рек­лама пешлавҳаларидаги қўпол хатолар ҳақида хабар бериб, уларнинг тўғирланиши талаб этилса, муаммо ечимига катта ҳисса қўшган бўламиз. Аммо бундай ҳолатларда кимга ёки қаерга мурожаат этиш керак?

Реклама берувчи ёки реклама агентлиги хатоларга эътиборсизлик билан қараса, уни бартараф этиш учун ҳеч қандай чора кўрмаса, фуқаролар кимга шикоят қилиши мумкин? Хатоларни бартараф этиш масаласига бундай эътиборсизлик билан қараган реклама берувчи шахс ёки реклама агентлиги­нинг ҳатти-ҳаракатларини менсимаслик ёки эътиборсизлик ва паст назар билан қараш дея таърифлаб, уларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинми?

Демак, бу борада ҳам норматив ҳужжатларимизда нуқсонлар мавжуд. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, рекламаларда давлат тилини ишлатишда хатоларнинг олдини олиш на “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда ва на “Реклама тўғрисида”ги ­қонунда тартибга солинган. Реклама ва ­эълонларда учраб турадиган қўпол имло хатолари учун ким жавобгар? Реклама берувчими ёки реклама агентлиги? Бу каби саволларга, афсуски, жавоб йўқ.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+