Кўнгилларга йўл топиб...

19.01.2024 09:01:03

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар муаммоларини ўрганиб, уларга ижобий ечим топишда фаоллик кўрсатишмоқда. Депутатлик гуруҳи томонидан мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.
Аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ҳамда партия лойиҳалари доирасида олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Абдурашид Артиков ва Шоҳида Холлиева партиянинг “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида Шеробод туманидаги “Баҳор” ва “Хўжги” МФЙларида бўлиб, маҳаллалардаги муаммолар ва аҳоли мурожаатларини ўрганишди.


Депутатлар фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқаришиб, ижроси назоратга олинди.


Маҳаллаларда депутат сўровларидан ташқари оғзаки мурожаатлар бўйича ҳам бир қатор муаммолар ўз ечимини топмоқда. Жумладан, иш билан бандлик, тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар, моддий ёрдам, сув, газ масаласи, транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини чеклаш каби турли масалалар бўйича аҳоли мурожаатлари қаноатлантирилди.


Хусусан, биринчи гуруҳ ногирони Д. Баҳромованинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, ҳомийлар ёрдамида унга маблағ ажратилди ва бепул даволаниши учун Термиз шаҳрига йўлланма олиб берилди. Ёлғиз яшовчи фуқаро М. Ҳасанованинг уйини таъмирлаш масаласида қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, ҳомий ташкилот ёрдамида фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. Депутат Абдурашид Артиков “Хўжги” МФЙ фаоллари билан ҳамкорликда маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар ҳамда беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Икки нафар фуқарони уй билан таъминлаш учун ер-жой ажратишга кўмаклашилди.
Депутат томонидан “Баҳор” МФЙда яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли ташкилотлар билан олиб борилган ишлар натижасида мазкур маҳалладаги айрим кўчаларга қўшимча 12 та электр симёғочлари ўрнатилиб, қўшимча трансформатор ўрнатилишига келишилди.
Депутатлар томонидан мазкур маҳаллаларда партиянинг “Биз коррупцияга қаршимиз” лойиҳаси доирасида туман Мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти ходимлари, туман тиббиёт бирлашмаси ва бошқа соҳа ходимлари иштирокида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шунингдек, депутат Шоҳида Холлиева ҳомийлар билан биргаликда тумандаги 1-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига совға-саломлар улашди.
Шунингдек, мазкур маҳаллалар ҳудудидаги фуқароларнинг мурожаати асосида 15 та хонадон газ баллонлар билан таъминланди. Депутат ташаббуси билан “Хотин-қизлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Бундан ташқари, депутатлар кўмаги билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида “Хўжги” МФЙ аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашувда келиб тушган мурожаатлар асосида ҳудуддаги ички йўлларни асфальт қилиш ҳамда кўчаларга тунги чироқлар ўрнатишга келишилди.

Севара Хуррамова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+