Кўнгилли донорлар сафи кeнгаймоқда

02.12.2022 10:12:35

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят қон қуйиш станциясида «3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан 30 ноябрдан 2 декабрга қадар «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Ушбу беғараз донорлик акциясини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда ҳуқуқи муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари жумладан, Ички ишлар бошқармаси, миллий гвардия бошқармаси ҳамда фавқулодда вазиятлар вилоят бошқармалари ва унинг қуйи тизимларидан юзлаб кўнгиллилар фаол иштирок этишди.

Беғараз донорлик акциясида барча саховатли инсонлар бир мақсад йўлида бирлашиб, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган ҳолда, ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Президентимизнинг жорий йил 9 августдаги «Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги Қарори асосида донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича тизим яратилди.

Қарорга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилди. «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар ҳам берилмоқда. Жумладан, улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш, давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ва бошқа шу каби тизимли ислоҳотларнинг олиб борилиши ўта муҳим аҳамиятга эга бўлди, - дейди Навоий қон қуйиш станцияси бош шифокори Барот Ёрмуродов.

Анъанавий тарзда ҳар йили икки маротаба ўтаётган донорлик акцияси аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+