Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови

03.12.2020 20:12:34

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугунги кунда мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.

Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда тажассум топган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизмидир.

Ҳар икки ҳужжатнинг замирида демократик қадриятларнинг устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш олий қадрият саналиши, ҳокимиятнинг манбаи эса фақатгина халқ эканлиги каби қоидалар турибди. Конституцияда ана шу тамойиллар концептуал жиҳатдан белгиланган бўлса, Ҳаракатлар стратегиясида концептуал нормалар ижросини таъминлашнинг изчил механизми кўрсатилган. Ушбу механизмлар эса ҳар йилги давлат дастурлари асосида такомиллашиб бораверади. 

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари

Тошкент вилоят

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+