Кўп қиррали муносабатларнинг янги босқичи

14.02.2024 17:02:30

Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожи 30 йиллик тарихга эга бўлиб, ушбу муносабатлар йилдан йилга жадал ривожланмоқда. Агар давлатлараро муносабатларга назар солсак, 2018 йилда Беларус Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев эса, 2019 йилда расмий ташриф билан Беларус Республикасига борган. Ушбу ташрифлар доирасида 12 та ҳукуматлараро келишувлар имзоланган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, икки давлат раҳбарлари халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида сиёсий мулоқотлар олиб бориши Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги биродарликка, ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришига хизмат қилмоқда.
Жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларус Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи халқларимиз дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Расмий ташриф доирасида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлараро форум, олий таълим муассасалари ректорлари, тиббиёт ходимлари форуми ва Ишбилармонлар кенгаши муваффақиятли ўтказилди. Агар бугунги кунда иккита мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 600 миллион долларга етган бўлса, ўтган музокаралар натижасида ўзаро товар айирбошлашни 1 миллиард доллардан оширишга келишилди.
Шунингдек, музокараларда кооперация алоқаларига катта эътибор қаратилди. Кейинги йилларда қўшма корхоналарнинг сони тўрт баробар кўпайди. Қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида сабзавот маҳсулотларини етиштириш, паррандачиликни ривожлантириш, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, хусусан, болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди. Ўзбекистон экспортни жадал ривожлантириш йўлида бормоқда.
Демак, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва ушбу маҳсулотлар билан нафақат Осиё, балки Европа бозорига чиқиш долзарб масаладир. Шунинг учун, Беларус Республикаси билан ташкил қилинадиган қўшма корхоналарда ҳам ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспортга йўналтириш, янги бозорларни эгаллаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Расмий ташриф доирасида профессионал таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан, таълим, интеллектуал мулк, спорт, маданият ва санъат соҳалари бўйича ҳамкорлик дастурлари ва баённомалари, умумий олганда ўндан ортиқ ҳужжатлар имзоланди ва барчасига аниқ муддатлар қўйилди.
Учрашувлар жараёнида қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олинди.
Ишончимиз комилки, ташриф доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, икки дўст халқларнинг яқинлашишига олиб келади.

Нодира ЖОНИБEКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+