Коронавирус ва оила иқтисодиёти

24.04.2020 18:04:36

Жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб, тобора барча мамлакатлар ҳудудига суқилиб кираётган, чегара билмас коронавирус инфекциясининг тарқалиши нафақат фуқаролар соғлиғига, балки дунёнинг энг етакчи давлатлари иқтисодига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бу глобал хавф-хатарлар Ўзбекистонда ҳам экспорт тушумининг кескин пасайиши, мамлакатга келаётган хорижий туристлар сонининг камайиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва импорт-экспорт қилинаётган маҳсулотлар камайишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг шу йилнинг 19 март куни эълон қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аввало, мамлакатимизда “коронавирус” балосини батамом тугатиш ва жаҳон майдонида кутилаётган инқироз оқибатининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича олдимизда турган, кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларимизни белгилаб берди.

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган, 10 триллион сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилиниши белгиланди. Бу жамғарма маблағлари асосан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларини молиялаштиришга, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга, иқтисодиёт тармоқларини барқарор фаолият юритишини таъминлашга ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга йўналтирилади.

Шунингдек, жамғарма маблағларидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва нафақа олувчилар сонини ошириш ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш ишларига кўмаклашилади. Шу ўринда ҳам кўриниб турибдики, давлатимиз оилалар иқтисодий аҳволнининг оғирлашишига йўл қўймасликни биринчи ўринга қўймоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши орқали кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш белгиланиши айниқса диққатга сазовордир.

Ҳукумат карантин даврида уйда асосланган ҳунармандчиликни қувватламоқда, Ўзбекистонда ҳозирда 28 мингдан зиёд шундай фаолият бўлиб, уларга 50 миллион доллар маблағ ажратилган. Демакки, кўрилаётган ҳар чора тадбирдан кўзланган мақсад пандемиянинг оилалар иқтисодиётига таъсирини камайтириш, жамиятда камбағаллик даражасини қисқартиришга эришиш.

Қайд этиш лозимки, яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди. Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилди. Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган, илгари мавжуд бўлмаган, янги тизим яратилди.

Карантин даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин. Ҳозирда карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронларга 18 турдаги озиқ-овқат ва гигиена воситалари бепул етказиб берилмоқда.

Оилага эътибор – миллат келажагига эътибор эканлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, бугун биз ифтихор билан Ўзбекистон соғлом ва мустаҳкам пойдеворга эга мамлакат, дея баралла айта оламиз.

Т. Матибаев

социология фанлари доктори, профессор

“Оила” маркази лойиҳа бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+