Коррупция устидан жамоатчилик назорати (Муносабат)

14.12.2023 16:12:02

Жамият тараққиётида коррупцияга қарши курашиш катта аҳамиятга эга. Бусиз ривожланишга эришиб бўлмайди. Давлатмиз раҳбарининг 2023-йил 27-ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир қадам бўлди.
Оғриқли бўлсада айтиш лозим, аслида ҳаммасига ўзимиз йўл очиб берамиз. Фарзандимиз мактабда етарли билим олмасада олийгоҳга ўқишга киришини истаймиз. Жиянимиз тайинли бир касб эгаси бўлмасада обрўли идорада ишлашини хоҳлаймиз. Банкдан кредит олиш учун белгиланган тартибни четлаб тезроқ ишимизни битиришга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси ўз ўзидан бизни коррупция сари бошлайди. Ҳатто, кўпни кўрган айрим танишларимиз “қаловини топсанг бўлди, олмайдиган борми ҳозирги замонда”, дея нотўғри йўлга бошлайди бизни.
Яшириб нима қилдик, коррупцион ҳолатлар барча даврларда, турли даражада мавжуд бўлган. Унга қарши курашиш давом этган. Бироқ бугун бу иллатга қарши курашиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, барчамиз биргаликда, жамоатчилик жам бўлган ҳолда курашиш талаб этиляпти. Бу юқоридаги Президент фармонида ҳам ўз ифодасини топгани бежиз эмас.
Эндиликда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш янада долзарб аҳамият касб этади. Бу ҳаракатдан сиз ҳам четда турманг. Зеро, соғлом жамиятни барпо этиш сизу бизга боғлиқ.

Илҳомжон Абдулазизов,
халқ депутатлари
Андижон шаҳар кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+