Коррупция  жирканч иллат

29.03.2022 09:03:06

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари маҳаллий МЧЖ вакилидан муқаддам пора сифатида олган 14,5 минг доллардан 5 минг долларини қайтариб бераётган вақтида қўлга олинганлиги тўғрисидаги хабарлар жамиятимизда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Аниқланишича, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан мазкур МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича солиқ идоралари ҳужжатли тафтиш ўтказган.

“Ўша даврда вилоят Давлат солиқ бошқармасида бош инспектор бўлиб ишлаган мазкур мансабдор шахс аниқланган 900 млн сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар бўйича белгиланиши лозим бўлган 300 млн сўмлик жарима миқдорини 72 млн сўмга камайтириб бериш эвазига 14,5 минг доллар миқдорида пора олган”, — дейилади ДХХ хабарида.

Ҳозирда унга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилди.

Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.

Коррупция биринчидан жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди. Иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради. Учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.

Коррупция ботқоғига ботган амалдорлар  жамият тараққиётига ғов бўлиб,умри халққа хиёнат қилиш,ёш авлод онгини заҳарлаш билан ўтишини  энди жамоатчилик  яхши тушунади.Бу иллатга қарши кураш-тоза виждонли ,ориятли инсонлар қалб амрига  айланмоғи лозим.Дарҳақиқат, хар қандай вазиятда  ҳам ҳалол одам ҳаётида  ғолиб бўлиб,бахтли –саодатли яшайди . Бугун  бутун  жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга  интилмоқда.

Хар биримиз коррупцияга  қарши  бирдамликда курашсак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.

 

Ж.Комилов,

Адолат СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+