Коррупцияга қарши кураш – ҳар биримизнинг вазифамиз

20.08.2020 13:08:28

Яхши биламизки, давлатнинг юксалиши, жамиятнинг ривожланишида ушбу давлатда ва жамиятда қонун устуворлиги таъминланиши, тенглик, адолатлилик барқарор бўлиши муҳим омил саналади. Бунга эришишнинг асосини давлат ва жамият бошқарувида  коррупцияга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш ташкил этади. Қонунга кўра коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Бугун, коррупцияга қарши курашиш фақат тегишли идоралар вакилларининг иши бўлиб қолмай, балки  жамиятнинг ҳар бир аъзосининг кундалик  юмуши бўлиши лозим. Коррупцияни инсонда пайдо бўладиган бир ярага ўхшатишади. Яра қачон қурийди? Қачонки, ўша организмда  ярага қарши иммунитет, ярага қарши малҳам топилсагина... Демак, ҳар бир киши қаерда бўлмасин, масъул шахсларнинг таъмагирлигига гувоҳ бўлганда индамай кетавермасдан,  бу ҳақда белгиланган тартибда мурожаат қилмоғи лозим. Адолатсизликка нисбатан муросасизликни ҳар ким ўзидан бошлашим даркор. Чунки адолат ҳавога ўхшайди. У йўқ жойда бўғилиб қолиш ҳеч гап эмас.

Айни кунларда коррупцияга қарши курашиш бўйича республикамизда қанчадан қанча қонунлар, қарорлар, ҳукумат ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда биринчи даражали вазифа этиб қўйдилар. Жамиятимизда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо муқаррарлиги маълум.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Шунингдек, жорий йил "Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Қайд этилишича, агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади.

Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани шакллантиради ҳамда уни Ўзбекистон Президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади.

Коррупция жиноятини содир этилишини олдини олиш, мансабдор ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндошиши, жамоада соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш борасида ёшлар орасида  доимий равишда учрашувлар, мавзуга оид тадбирлар уюштирилиб, профилактик тарғибот-ташвиқот ишлари амалга ошириб бориш лозим, деб ўйлайман. Бир сўз билан ифода этганда,  олиб бориладиган бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад,  ёшлар онгида коррупция иллатига нисбатан муросасиз кайфиятни шакллантириш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, Партия сайловолди дастурига Ўзбекистонни ҳар соҳада ривожлантиришда, энг аввало коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш лозимлиги қайд этилган. “Адолат” СДП бу бўйича фақатгина давлат идоралари ташаббуси билан бирор натижага эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ушбу жараёнга халқимизни ҳам жалб этиш ҳамда уларнинг бу каби ҳолатларни маълум қилганида рағбатлантириш ва дахлсизлик ҳуқуқини кучайтириш лозим.

Шунингдек, фаоллар томонидан ушбу соҳада маълум бир ишлар амалга оширилаётганига қарамай “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да мамлакатимиз рейтинги пастлигича қолаётгани қайд этилади. Шу боисдан коррупцияга қарши кураш билан биргаликда унинг натижасини ҳам кенг жамоатчиликка ва халқаро ташкилотларга тўлиқ етказиб бериш ҳам устувор йўналишлардан бирига айланиши кераклигини эътироф этиш керак.

Қайд этиш керакки, қатор олий таълим муассасаларида коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Кириш имтиҳонлари, айниқса ижодий имтиҳонларда таниш–билишчилик, коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш, сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш мақсад қилинган.

Маълумки, коррупция жамият илдизини тубдан қўпорувчи иллатдир. Унга қарши барчамиз бир ёқадан бош чиқариб курашмасак, мамлакат келажагини ҳалокатга олиб бориши, шубҳасиз. Шу боисдан, бунга йўл қўймаслик ва коррупция жиноятига бутунлай барҳам бериш учун фуқароларимиз онгида коррупцияга қарши нафрат, уни содир этишга йўл қўймаслик туйғусини шакллантиришимиз лозим. Афсуски, бу иллатнинг содир этилишига кўп ҳолларда фуқароларимизнинг ўзлари билиб-билмай сабабкор бўлиб қолишмоқда. Айнан партиянинг дастурий мақсади ҳам коррупция жиноятига қарши курашиб, бу йўлда фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали кўзланган натижага эришишдир. 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+