Коррупциясиз – тараққиёт сари

25.12.2023 16:12:49

Партиямизнинг Адолат – ҳар бир инсон учун! деб номланувчи сайловолди дастури билан танишиш истагида бўлган ҳар бир киши ундаги халқчил, жамият тараққиёти учун ўта аҳамиятли масалалар қаторида албатта, жамият тараққиётининг кушандаси ҳисобланган коррупция масаласидаги аниқ позициясига гувоҳ бўлади.
Партиямиз аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим масала деб қараш билан бирга, коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этади.
Сўнгги 6-7 йилда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, Президентимизнинг қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди.
Муҳими – юртимизда коррупцияга қарши курашиш муҳити шаклланди.
Ёш авлод онгида коррупция деб номланган жирканч иллатнинг нақадар зарарли эканлигини сингдириб бориш, бугун жамият ҳар бир фаол аъзосининг бурчига айланмоқда.
Мана шундай юртимиз тараққиёти билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида партиямиз ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда.
Партиямизнинг “Ватан келажаги – ёшлар қўлида”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” ва бошқа лойиҳалари доирасида ўтказилаётган қатор тадбир ва амалий ишларимиз, юртимиз ривожи, ёш авлод камолотига қаратилган.
Ҳар қандай иллатга қарши курашиш, юксак ҳуқуқий онг билан боғлиқ.
Ҳар йили ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган “Конституция билимдони” танловининг бу йилги туман, шаҳар ва ҳудудий, республика босқичлари Янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилди.
Ушбу танлов юртимизнинг ҳамма ҳудудларидан кўп минг сонли ёшларимизни ҳуқуқий маданият сари бошловчи, чин маънодаги ҳуқуқий билимлар майдонига айланиб бормоқда.
Жорий йилнинг энг муҳим ва аҳамиятли халқаро тадбирлари қаторида мамлакатимизда 19 декабрь куни– Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимининг ўтказилганлигини алоҳида фахр билан тилга олишимиз керак.
Ушбу тадбирда, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, 40 дан ортиқ давлат делегациялари ва халқаро мукофот совриндорлари иштирок этганлиги, мамлакатимизнинг жаҳон майдонида йилдан йилга нуфузининг ортаётганлигидан далолатдир.
Маросим давомида Ўзбекистон Президенти Қатар Амири билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширганлигига гувоҳ бўлдик.
Албатта, Ўзбекистондек табаррук заминда ушбу мукофотларнинг топширилганлигида ҳам катта маъно мужассам.
Юртимиз азалдан ўзининг меҳмондўстлиги, гўзал табиати, оқкўнгил одамлари билан, дунё халқлари эътиборида бўлиб келган.
Энг асосийси, имон-эътиқодли, дўстга садоқатли, илмни буюк неъмат билган боболаримиз номлари ва мерослари билан доимо фахрланамиз.
Мана шундай улуғлар бешигини тебратган буюк ватанда, бугун ҳам ҳалоллик ва покизалик, инсонийлик ва ватанпарварлик бобида ибрат бўлгудек авлодлар камол топиши даркор ва топмоқда.
Тадбирнинг яна бир ҳаяжонли воқеаларидан бири Тошкент шаҳри марказида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монумент қад ростлади.
Демак иккита давлат раҳбари расман очиб берган ушбу монумент юртимизнинг ҳар бир фуқароси ва меҳмонлари қалбида коррупция иллатига қарши иммунитетни янада кучайтиришга, бирдамликда унга барҳам беришга хизмат қилади.
Асосийси, ушбу анжуман Янги Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик сиёсатининг навбатдаги амалий натижаларидан бирига айланди.
Марказий Осиё минтақаси гавҳари бўлиб, нуфузли анжуманларга бош бўлаётган юртимиз истиқболига кўз тегмасин.
Фарзандларимизга бизнинг бугунги яратувчанлик ишларимизнинг чин маънодаги давомчилари бўлиб улғайиш насиб қилсин.
Ҳар қадам, ҳар сонияда коррупция каби тараққиётимизга тўғоноқ бўлувчи иллатлардан огоҳ бўлайлик.

Нурлибой Қайпбергенов –Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+