Кучли ижтимоий сиёсат – барқарор ривожланиш кафолати

05.11.2019 14:11:00

Бугун муҳтарам Президентимиз бошчилигида жамиятимизда инсон манфаати,  унинг қадр-қиммати, меҳнати ва тақдири юксак қадрланмоқда. Барча ижтимоий мақсадлар ҳаётимизнинг бош мезонига айланиб бораётган бундай улуғ саъй-ҳаракатларда биз Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари ҳам Сайловолди дастуримизда бу борада илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш орқали ҳисса қўшишни мақсад қилдик.

Сайловолди дастуримизнинг дастлабки битикларида шундай жумлалар бор: “Ишончимиз комилки, маърифатли бўлиш ва таълим олиш ёруғ келажак, бағрикенглик ва инсонпарварлик калитидир”. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Дунё тажрибасидан яхши маълумки, халқи илм-маърифатли бўлган давлат доимо тараққиёт сари юз тутган.

Ўз аъзолари ва хайрихохлари манфаатлари, хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, партиямиз Сайловолди дастурида мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш ва уларда болаларнинг  эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шароитларни  тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган.

Сайловолди дастуримизда умумтаълим мактабларида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ижросининг тиббий хизматга доир қисми тўлиқ бажарилмаётгани таъкидланди. Шу камчиликларни бартараф этиш учун ҳар бир мактабда тиббиёт хонаси, тиббий дори-дармонлар бўлиши ва малакали тиббиёт ходими узлуксиз ишлаши керак.

Биз умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиб, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш тарафдоримиз. Шунингдек, мактабларда мактаб формасини жорий этиш лозим деб ҳисоблаймиз ва ушбу масалани ижобий ҳал этиш учун ҳукумат қарорини қабул қиламиз.

Дарҳақиқат,  Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, иш юритишимиз, юртимиз ривожи учун нималарга қодир эканлигимизни исботлаш пайти келди.

Жонажон Ватанимиз Ўзбекистон дунёга юз тутаётган экан, албатта ривожланган давлатлар билан турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун малакали кадрлар ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шуни мамнуният билан эътироф этмоқчиманки, Сайловолди дастуримизда ОТМларини халқаро таълим стандартларига мослаштириш, бакалавр ва магистрларни тайёрлаш учун ўқув квоталарини бекор қилиш, сиртқи ва кечки таълим шаклларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги белгиланган. Масофавий таълимни “онлайн” режимида интернет тармоғи орқали барча ҳудудларда жорий қилиш учун қонунчилик базасини ишлаб чиқамиз.

Партиямиз ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимида давлат секторини мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб қолади. Фуқароларга кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳада юқори малакали хорижий мутахассислар сони ва инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини оширишни лозим деб ҳисоблаймиз.

Тан олиш керакки, соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим қисми фармацевтика  соҳасидир.Шундан келиб чиқиб, кейинги пайтда дорихоналарда сотилаётган дориларнинг нархи ва сифати аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Биз ана шу камчиликларни бартараф этиш учун аҳолини юқори самарали хавфсиз дори воситалари ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш сира ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифа деб биламиз. Бунинг учун Сайловолди дастуримизда белгилаб қўйилганидек, фармацевтик саноатни тезкор ривожланиши учун фармацевтик эркин иқтисодий зоналарнинг иш самарадорлигини таъминлаш, доривор ўсимликлар саноат плантацияларини яратиш, қайта ишлаш, импортнинг ўрнини босувчи дорилар ва тиббиёт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш аҳолининг ижтимоий ҳимояланиши кафолатидир.

Сайловолди дастуримиз асосан ижтимоий йўналишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Партиямиз эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, янги марралар сари изчил ҳаракат қилиш йўлидаги барча ижтимоий йўналишларда Сайловолди дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашдек эзгу ишларда давлат сиёсатига доим кўмаклашишни ўзининг асосий вазифаларидан деб билади.

Ижтимоий ва бошқа йўналишдаги Сайловолди  дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш учун самарали фаолият юритаверамиз.

 

                                                                   Абдуғани  УМИРОВ,

                                                        Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

                                                        депутати

                                     

 

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+