Кучли ижтимоий сиёсат - халқ фаровонлигининг кафолати!

20.02.2020 12:02:20

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қуриш жараёнида сиёсий партиялар фаолиятига юксак эътибор қаратилиб, қатор имкониятлар яратилмоқда.

1995-йил 18-февралда ташкил этилган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси жамиятда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва жамият ижтимоий-сиёсий фаолиятида фуқароларимиз фаоллигини таъминлаш йўлида салмоқли ҳисса қўшиб келаётган сиёсий куч ҳисобланади.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида бугунги кунда 32 мингдан  ортиқ аъзо бирлашган бўлиб, улар жамиятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган фидойи инсонлар ҳисобланади. Шулардан, 1 нафари Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, 6 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси депутати, 61 нафари халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши депутатларидир.

Айни кунда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши таркибида ҳам эл-юрт олдида юқори обрўга эга зиёлилар вакиллари, жамият ва мамлакат тараққиёти йўлида эркаклар билан тенгдек хизмат қилаётган хотин-қизлар вакиллари, она Ватан меҳрини чин дилдан ҳис этиб, унинг порлоқ келажаги йўлида изланишлар олиб бораётган келажак эгалари кўпчиликни ташкил этади.

Бугун Нукус тиббиёт коллежида Ўзбекистон «Адолат» СДП ташкил топганганига 25 йил тўлиши муносабати билан «Кучли ижтимоий сиёсат - халқ фаровонлигининг кафолати!» мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Нукус шаҳар Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда партия фахрийлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари,  фаоллар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Маросимни партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов кириш сўзиб билан очиб, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қуриш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг иштироки, ўтган йиллар давомида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида фаолият кўрсатган фидойилар меҳнатлари тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев «Ўзбекистон «Адолат» СДП демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» мавзусида маъруза қилди. Таъкидланганидек, партиямиз дастурий мақсадлари неча йиллар давомида давр синовидан ўтган ва эзгулик йўлида хизмат қиладиган жаҳон социал-демократик тамойилларининг энг эзгу ғоялари билан суғорилган.  Партиянинг асосий шиорида кўрсатилганидек, эркинлик бор жойда адолатлилик бор, адолатлилик бор жойда бирдамлик бор, бирдамлик бор жойда эса албатта, ривожланишлар ва юксалишлар бўлиши аниқ.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари Д.Қурбаниязов ва Р.Матқурбановлар йиғилганларни партия тузилганлигининг 25 йиллиги билан самимий табрикладилар.

Тадбирда партия фахрийлари Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ҳодими К.Матеков, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Я.Абдуллаева, 2009-2014 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлиб фаолият олиб борган М.Асқаровлар сўзга чиқишди. Таъкидланганидек, биз фахрийлар бугунгидек сиёсий партиялар орасида кечаётган соғлом рақобатни кўриб кўнглимиз тўлқинланади. Албатта, буларнинг барчаси мустақиллик туфайли яратилган ҳуқуқ ва имкониятлардир.

Тадбир доирасида партия фахрийлари ва фаоллари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тантанали тадбир санъат намоёндаларининг концерт дастури билан давом этди.

Айшолпан ОРАЗЫМБЕТОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+