Кучли ижтимоий сиёсат нималарда кўринади?

01.11.2019 20:11:46

Ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосий белгиси фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, жамият ҳаётида қонунлар устуворлигини таъминлашдан иборат. Конституция барча қонунларнинг асоси сифатида юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, янгиланиш ва демократлаштириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Асосий Қонунимиз жамият ҳамда давлат, қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар қайси оила ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ваҳоланки, ҳеч бир давлатда ҳеч қайси фуқаро ўз ҳаётини, кундалик турмуш тарзи ва келажагини Конституция ҳамда қонунларсиз тасаввур қилолмайди. Бахтимиз Қомусида  жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оилага алоҳида боб ажратилиши, ҳар бир оила жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги кафолатлангани, оналик ҳамда болалик давлат томонидан муҳофаза қилинишига оид меъёр қайд этилгани болажон, бағрикенг ва оилапарвар халқимизда фахр ҳиссини уйғотади. Мазкур нормалар хорижлик экспертлар томонидан ҳам юксак эътироф этилаётир. У Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзига ҳос жиҳати, ўзбекона қадриятларнинг қонунчиликдаги ифодаси сифатида баҳоланмоқда. Зеро, она ҳамда бола саломатлиги, кексаларга ғамҳўрлик кўрсатиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ – кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг амалий ифодасига айланган.  

Мамлакатимизда бундай оқилона сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги юксалди, турмуш шароитлари, саломатлик кўрсаткичлари яхшиланди.

Инсон борки, миллати, ёши, эътиқодидан қатъий назар, ўз бахтини аввало, оиласи, яқинларининг тинчлиги, саломатлиги, хавфсизлиги билан боғлайди. Оила мустаҳкамлиги эса жамият, давлатнинг тараққиётига хизмат қилади. Шу боис  Қомусимизда оила, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари олий қадрият сифатида эътироф этилади.

Дунёда шундай давлатлар борки, уларда хатто туғуруқ вақти яқинлашиб қолган аёлларга ҳам суғурта тўловисиз тиббий хизмат кўрсатилмайди. Ҳар қандай тиббий, ҳуқуқий ёрдам моддий восита орқали амалга оширилади. Кучли ижтимоий сиёсат юритаётган юртимизда ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган.  Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан  фойдаланиш ҳуқуқига эга” эканлиги   белгиланган.  

Мамлакатимиз давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётгани сўзимиз исботидир. Тиббиётнинг  устувор йуналиши бўлган профилактик тиббиётга, яъни бирламчи  бўғин – қишлоқ врачлик масканларига катта эътибор  қаратиляпти. Вилоятимизнинг тиббиёт соҳасида “Мобиль  поликлиника” номи остида “Саломатлик ойлари” ташкил этилиб, бу соҳага  тиббиётнинг  кўзга  кўринган  олимлари, ихтисослаштирилган марказларнинг етук мутахассислари жалб қилиниб, энг чекка қишлоқларда ҳам чуқурлаштирилган тиббий  кўриклар ўтказилмоқда. Ушбу  кўрикларда аниқланган беморлар вилоят  ва  республика  шифохоналарида  ўз дардларига  шифо  топмоқда. Вилоятимизнинг 19 та шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган кўп тармоқли марказий поликлиникалар қошида туғиш  ёшидаги аёллар ва ўсмир  қизлар учун аёллар маслаҳат марказлари ва  қизлар саломатлик марказлари мунтазам фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда  вилоятимизда 9 ёшли қизлар ўртасида одам папиллома вирусига  қарши эмлаш  тадбирлари ўказилмоқда. Бу  95 фоиз  вирус чақирадиган  бачадон  бўйни  саратонининг олдини олади.

Маҳаллаларда, мактабларда, лицейларда, коллежларда, олийгоҳларда тизимли  равишда аҳоли ўртасида соғлом  турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий  маданиятни ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари  тизимли равишда олиб  бориляпти. Республика “Оила”  илмий-амалий  тадқиқот  маркази Фарғона вилояти бўлими билан ҳамкорликда репродуктив  саломатлик  ва тиббий  маданият асосларига бағишланган ўқув семинарлари ўтказилмоқда. ФХДЁ бўлимлари қошида “Келин-куёвлар инновацион  марказлари”, мактабларда “Саломатлик  мактаблари” режали асосда иш олиб бормоқда. 

Халқимизнинг олий мақсади, иродасини ўзида мужассам этган Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Қолаверса, асосий қонунимизнинг туб моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини ўсиб келаётган баркамол авлод – ёшларимизга тарғиб килиш, тушунтириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зотан, жамият ҳаётининг мезони бўлган бахтимиз қомусини чуқур ҳамда ҳар томонлама ўрганиш, уни ҳаётда дастуриламалга айлантириш ёшларимизнинг олий мақсадига айланмоғи даркор.

Раъно СУЛЕЙМОНОВА,

 Фарғона вилояти  Пренатал маркази шифохонаси шифокори.  

Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+