Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: камчиликлар, муаммолар, ечимлар

28.09.2020 12:09:53

Ҳар йили совуқ кун­лар яқинлашиши билан мавсумга жиддий тайёргарлик бошланади. Бусиз ило­жи йўқ. Чунки олдиндан иситиш ва энергия би­лан таъминлаш чораси кўрилмаса, ҳаво совиб кетганда қийин аҳвол­га тушиб қолиш тайин. Биламизки, кўплаб аҳоли яшаш жойларида бу бо­рада муаммолар қалашиб ётибди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар аҳоли, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Айниқса, қиш фаслида шаҳарлардаги айрим кўп қаватли уйларнинг охирги қаватдаги эгаси томдан чакка ўтишидан азият чекса, пастки қаватдагилар зах ва ертўладан анқийдиган бадбўй ҳиддан нолишарди. Бундан ташқари, иссиқ ва совуқ сув тармоқларидаги носозликлар, иситиш тизимидаги камчиликлар оддий ҳолга айланиб қолган эди. Хонадонлар газ ёқиб қўйиб иситилади. Эҳтиётсизликка йўл қўйилса, фожеага олиб келиши ҳеч гапмас. Қишлоқ шароитида эса бу борадаги муаммоларни санаб саноғига етиш қийин. Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси олдида ўтин-кўмир ғамлаш ташвиши ту­ради. Шубҳасиз, газ, электр энер­гиясидаги узилишларни ҳал этиш масаласи кун тартибига чиқади.

Хўш, бу йил юртимизда куз-қиш мавсумига қандай ҳозирлик кў­риляпти? Юқоридаги муаммолар­га жойларда қай даражада ечим топилади?

Одатда, халқимиз қиш ғамини ёзда кўради. Ахир куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтиши бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Шу боис, бу каби камчиликларни бартараф этиш, мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Касаллик ҳамон бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётгани, сўнгги кунларда юртимизда ҳам беморлар сони кўпайгани афсус билан қайд этилди. Темир интизом ва тартибни таъминлаб, барча жойларда санитария талабларига қатъий амал қилиш кераклиги яна бир бор таъкидланди.

Бундан ташқари йиғилишда мамлакат бўйлаб 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскиргани оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40-50 фоизни ташкил этаётгани, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолганлиги айтиб ўтилди.

Қолаверса, видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.  Бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2-5 даража паст бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан  Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, куз-қишга тайёргарлик юзасидан Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш топширилди.

Мухтасар айтганда, остонада табиатнинг инжиқ мавсуми эшик қоқиб турибди. Унинг ҳар бир куни синов. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг “имтиҳон”ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлса-да, ёддан кўтармаслигимиз, тадорикни пухта қилишимиз керак. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмайди.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+